Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинади

 
 

Ўзбекистонда БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланиши билан бир қаторда уни амалга ошириш бўйича Комиссия ташкил этилган, деб ёзади ЎзА.

Дастурга мувофиқ, Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган халқаро тадбирлар ҳам ташкил этилади. Жорий йилнинг 22—23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади. Форумда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Осиё қитъасида жойлашган давлатларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказидан маълум қилишларича, форумга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Форум давомида иштирокчилар сессияларга бўлинган ҳолда тегишли мавзулар бўйича мулоқот олиб боради. Уларда декларацияда назарда тутилган меъёрлар, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг универсаллиги, ўзаро боғлиқлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларни бажариш соҳасидаги ютуқлар ва муаммолар кўриб чиқилади. Инсон ҳуқуқлари ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда ижро, вакиллик ва қонунчилик ҳокимияти, суд ва инсон ҳуқуқлари миллий институтларининг роли муҳокама қилинади.

Осиё форуми якунлари бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган. Унда давлатлар томонидан халқаро ҳужжатларга мувофиқ барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш борасида самарали тизим яратишга оид мақсадлар кўзда тутилади.

Осиё форуми доирасида Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари ўз мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилади.

Форум натижаларига кўра, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Тошкентдаги қўшма баёнотини қабул қилиш ҳам режалаштирилган.

Манба: “daryo.uz”


Киритилган вақти: 10/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 781
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/inson-huquqlari-boyicha-samarqand-deklaratsiyasi-qabul-qilinadi
Чоп этилган вақт: 27/09/2020 22:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг