Имом-хатиблар иштирокида тарғибот тадбири бўлиб ўтди
2017 йил 23 ноябрь куни Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, хорижлик уламолар, дин ходимлари иштирокида ўтказилган халқаро конференцияларнинг мазмун моҳиятини етказиш, ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизга ёт бўлган зарарли таъсирлардан химоя килишга қаратилган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, вилоятдаги мавжуд 285 та масжид имом-хатиблари, имом ноиблар, Маънавият ва маърифат маркази туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари, отинойилар иштирокчи сифатида қатнашдилар..
Маърузалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Д.Бобожонов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят маънавият ва маърифат маркази раҳбари У.Усмонов томонидан олиб борилди.
Воизлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида кўтарилган сиёсий, диний,ижтимоий ва яна бошқа кўплаб соҳалардаги муҳим масалалар ҳақида сўзлаб бердилар.
Жаҳон афгор оммасидаги ижтимоий-сиёсий вазиятлар, инқироз ва инқилоблар сабабидан келиб чиқаётган муаммолар, диний экстремизмнинг аянчли оқибатлари, ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг онги ва дунёқарашини “оммавий маданият” каби салбий таъсирлардан ҳимоялашнинг муҳим йўналишлари тўғрисида кенг маълумотлар берилди.
2017 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган долзарб масалалар белгилаб берилгани, ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларининг юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари намойиш этилди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 23/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2338
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 04:25