Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Ҳайит намозиниг шартлари.

 
 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, улар (Мадина халқи)нинг хурсандчилик қиладиган икки куни бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизларга бу иккисидан яхшироғини алиштириб берди: Фитр (Рамазон ҳайити) ва Азҳо (Қурбон ҳайити) кунига” деб айтдилар”. Мазҳаблар ҳайит намозининг вожиб ёки суннат эканлиги борасида ихтилоф қилишган. “Жомеъус-соғир” китобида зикр қилинишига кўра – суннатдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки байрам (Ҳайит ва жума) бир кунда жамланадиган бўлса, улардан биринчиси суннатдир, деганлар.

Имом Ҳасан (ибн Зиёд) роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: “Ҳайит намози Жума намози унга вожиб бўлган кишига вожибдир”.

(Шамсул-аимма Сарахсий роҳимаҳуллоҳ “Мабсут” (13\71)да зикр қилганлар. Имом Кархий роҳимаҳуллоҳ бу гапни қўллаб-қувватлаганлар).

Ҳайит намозиниг вожиблиги ва жоизлигининг шартларига келсак, Жума намозининг вожиблиги ва жоизлигининг барча шартлари икки ҳайит намозининг вожиб бўлиши ва жоизлигига шартдир: хутбадан бошқа, Имом, шаҳар, жамоат ва вақт. Хутба намоздан кейин суннатдир. Уни тарк қилинса ҳам намоз дуруст бўлади.

Жума намози ҳақидаги бобда зикр қилинганидек, имом бизнинг мазҳабда шартдир. Шунингдек, шаҳар ҳам.  Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жума, ташриқ, фитр ва азҳо фақатгина жомеъ бўлган шаҳардагина бўлади”. Бу ерда фитр ва азҳонинг айни ўзини (садақа ва қурбонликни) назарда тутмадилар, зеро бу нарсалар ҳар жойда, ҳар маконда бўлаверади. Бу ерда у киши икки ҳайит намозини назарда тутдилар. Чунки, бу нарса аввалбошда фақатгина шаҳарларда бўлганлиги қўлма-қўл бўлиб собит бўлган. Уни икки ўринда адо қилса бўлади, Жума бобида бу зикр қилинган. Жамоат ҳам шартдир: чунки, бу намоз фақатгина жамоат билан адо қилинган. Вақт ҳам шартдир: чунки, бу намоз махсус вақтдагина адо қилинади. Шунингдек, эркаклик, ақлли бўлиш, балоғатган етган бўлиш, озод бўлиш, тананинг саломат бўлиши ва муқим бўлишлик шарт қилинади. Ушбулар вожиб бўлиш шартларидир, худди жума намози учун шарт бўлганидек. Аёлларга, ёш болаларга, жинниларга, хўжайининиг изнисиз қулга, сурункали ва ётиб қолган касалларга ва мусофирларга вожиб бўлмайди. Бу зикр қилганларимиз Жума намози борасида ҳам уларга тааллуқлидир. Бу узрлар фарзни (Жума намозини) соқит қила олаётган экан, вожиб (ҳайит) намозини соқит қилиши авлороқдир”

(Олоуддин Косоний роҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус-саноеъ фий тартибиш-шароеъ” (3\85)да зикр қилганлар).

Ҳайит намозинг Жума намозига бўлган муносабати шундаки, у иккиси ҳам ёруғ пайти катта жамоат билан адо қилинади ва қироатни жаҳрий қилади. Хутбадан бошқа, бирига шарт қилингани бошқасига ҳам шарт қилинади. Таклиф борасида ҳам бир-бирига мувофиқдир. Жума кимга вожиб бўлса, ҳайит ҳам шунга вожиб бўлади. Жума ҳайитдан фарз эканлиги ва кўпроқ адо қилинганлиги сабабидан муқаддам зикр қилинди.

Айтадилар: (Жума кимга вожиб бўлса, ҳайит ҳам шунга вожиб бўлади) ҳайит намози мусофирга, қулга, касалга Жумада бўлганидек, вожиб бўлмайди. Жума бобида бу борада зикр қилинганидек.

(Акмалуддин Бобартий роҳимаҳуллоҳАл-иноя шарҳул-ҳидоя” (2\419)да зикр қилганлар).

Ҳайит намозинг Жума намозига бўлган муносабати шундаки, у иккиси ҳам катта жомоат билан адо қилинади ва унда жаҳрий тиловат қилинади. Бирига бўлган шарт иккинчисига ҳам шарт ҳисобланади. Фақатгина хутба бундан мустасно. Жума кимга вожиб бўлса, ҳайит намози ҳам унга вожиб бўлади. Жума ҳайитдан фарз эканлиги ва кўпроқ адо қилинганлиги сабабидан муқаддам зикр қилинди. Ҳайит намози жума кимга вожиб бўлмаса, унга ҳам вожиб бўлмайди. Бундан мустасно фақатгина хўжайинидан изн олган қулдир.

(Абу Бакр ал-Яманий ал-Ҳананфий роҳимаҳуллоҳ “Ал-жавҳаратун-наййиро шарҳу Мухтасарул-Қудурий” (1\289)да зикр қиладилар. Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ “Роддул мухтор” (6\138)да ушбу китобдан иқтибос келтирадилар).

Юқорида айтилган сўзлардан хулоса қилиб шуни айта оламизки, жума намозига ҳам ийд намозларига ҳам жамоат шарт қилинган. Бугунги карантин шароитида жамоат ташкил қилиш мутлоқ манъ қилинган ишлардандир. Шунга кўра, ушбу узрли ҳолат фарзни (Жума намозини) соқит қила олаётган экан, вожиб (ҳайит) намозини соқит қилиши авлороқдир”

 Хайруллоҳ домла Саттаров,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиб ўринбосари


Киритилган вақти: 30/07/2020 11:49;   Кўрилганлиги: 1009
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/hayit-namozinig-shartlari
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 15:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг