Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

“Ҳаж” ва “Умра” масаласида якуний қарор қабул қилинмаган

 
 

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистони ҳукумати айрим талаблар асосида инсонларга ҳаж сафари учун рухсат беришга қарор қилди, деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизнинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича Атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. Шу кунларга қадар, Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж ва умра сафарларини бошлашга оид бирор-бир якуний баёнотни эълон қилгани йўқ.

Таъкидлаш керакки, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар ва хизмат кўрсатиш маркази ҳам айни кунларда ижтимоий тармоқларда ҳаж мавсумини ўтказишга рухсат берилгани, унга хориждан 45 минг нафар зиёратчилар қабул қилиниши ҳақидаги хабарларга раддия бериб, “Ҳаж – 2021” мавсумини ташкил қилиш ва четдан ҳожилар қабул қилишга доир ҳукумат қарори кейинроқ эълон килинишини маълум қилди.

Эслатиб ўтиш зарурки, Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси (GACA) саёҳат ва бошқа мақсадларда мамлакатга ташриф буюрувчи чет элликлар (кириш тўхтатилмаган мамлакатлардан келганлар) учун тиббий-санитар ва эпидемиологик шартлар тўғрисида йўриқнома ишлаб чиқарган. Унга кўра, мамлакатга киришда ҳар бир чет эл йўловчисидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатидан ўтган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия–Швеция), Moderna (АҚШ) вакциналарининг икки дозаси ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакцинасининг бир дозасини қабул қилганлик ҳақида махсус сертификат талаб қилинади.

Вакцина сертификатлари келаётган йўловчиларга эмлашни амалга оширган давлатнинг расмий соғлиқни сақлаш идоралари тасдиқлаши ва охирги дозани олиш муддати (икки дозали эмлашнинг иккинчи дозаси ёки битта дозали эмлашнинг биринчи дозаси) САПга саёҳат қилишдан 14 кундан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Ҳар бир вакцина сертификатлари Қиролликнинг назорат пунктларида текширувдан ўтказилади.

Юқоридаги каби талабларга жавоб бермайдиган йўловчилар белгиланган манзилга, жўнаб кетган жойларига қайтариб юборилади ва йўл ҳаражатларини авиакомпания ўз зиммасига олади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик саёҳатчиларга Саудия Арабистонига кириш тақиқланишидан ташқари, қонуний мажбуриятларни ҳам юклайди. Изоляция бўйича кўрсатмалар ёки карантин қоидаларини бузган фуқаролар ва резидентлар 200 минг риёл (53,2 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади ва такрорий бузилган тақдирда, жазо икки баравар кўпайтирилади. Саудиялик бўлмаган қонунбузарлар Қиролликдан депортация қилинади ва шахсга нисбатан жазо ижро этилгандан кейин уларнинг мамлакатга киришига таъкиқ қўйилади.

Маълумот ўрнида, 2021 йил 30 май ҳолатига кўра, Саудия Арабистонидаги коронавируснинг тасдиқланган 449,191 та ҳолати қайд этилган. Ўлим сони 7,347 дан ошган. 432,138 шахс (98%) вирусдан тўлиқ даволанган. Фаол шаклда даволанаётган беморлар 9706 (2,2%) нафардан иборат. Айни вақтда 1348 беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Кунлик касаллик юқтириш кўрсатгичи 1300-1400 нафарни ташкил этмоқда. Жами вакцина қилинганлар 13 029 245 нафар (аҳоли сони – 35.232.118).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Ҳаж” ва “Умра” сафарларга оид ўрганишларни давом эттирган ҳолда муборак сафарлар билан боғлиқ хабарларни расмий нашрларда эълон қилинишини маълум қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 01/06/2021 19:07;   Кўрилганлиги: 648
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/haj-va-umra-masalasida-yakuniy-qaror-qabul-qilinmagan
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 01:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг