Ҳадис илми мактабида устозлар ва ижодий ходимлар томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилган китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Бугун Ҳадис илми мактабида устозлар ва ижодий ходимлар томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилган китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, масжидлардан келган имом-домлалар ва мактабнинг устозлар ва талабалар жамоаси иштирок этди. Тадбир аввалида мактаб ректори Олимхон Исахон ўғли Юсупов сўз олиб, ўтган йил мобайнида мактабнинг илмий-ижодий ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла Эшонқулов ўз сўзида “Саҳиҳи Муслим” китобининг таржима қилиниб, нашрдан чиқарилгани мамлакатимизнинг дин соҳасида катта воқеа бўлганини эътироф этди. Фазилатли шайх, Ал-Азҳар университети доктори Жамолуддин Ҳошим эса худди мана шу каби муҳим аҳамиятга молик ишлар Ўзбекистон давлатининг раҳбари илгари сураётган учинчи ренессанс даврини вужудга келтиришда муҳим пиллапоя бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев жамоани китоб билан қутлаб, бу натижалар мактабда таълим-тарбия жараёнлари билан бир қаторда илмий-тадқиқот ишлари, ижодий муносабатлар ҳам барҳақлигидан далолат эканини қайд этиб ўтди.
Китобни таржима қилишда жонбозлик кўрсатган устозлар Ойбек домла Ҳошимов ҳамда Маҳмуджон домла Абдураҳмоновлар ижод машаққатлари, таржима заҳматлари ҳақида гапириб беришди. Шу ишга камарбаста бўлганликлари ва хизматларининг нишонасини ўқувчиларга тақдим этаётганларидан беҳад миннатдор эканликларини билдириб ўтишди.
Тадбир сўнгида меҳмонларга мазкур китоблар ҳадя қилинди.
Киритилган вақти: 16/01/2024 15:57; Кўрилганлиги: 1287
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 03:44