"Гапирмайман, эшитмайман лекин Аллоҳга тақво қиламан..."
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” фонди ташаббуси билан ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги томонидан Самарқанд шаҳрида эшитиш ва сўзлашишда нуқсони бор, ижтимоий химояга муҳтож юртдошларимизга“Сиз бизга кераксиз!” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масул ходими, Самарқанд вилоят вакиллиги, “Вақф” фондининг ҳудудий филиали ва ҳамкор ташкилот ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров кириш қисми билан очиб бердилар.
Ёқубжон домла Мансуров ўз маърузаларида диний жабҳада олиб борилаётган эзгу ишлар борасида сўзлади.
Маърифий тадбирда сўзга чиққанлар Ислом динининг мазмун-моҳияти, иймон-эътиқод масаласи ҳақида маълумот бериш билан бирга, миссионерлик хатаридан огоҳ бўлиш лозимлигини таъкидладилар.
Шундан сўнг, имконияти чекланган фуқаролардан 2 нафари сўзга чиқиб, уларга берилаётган эътибор, қилинаётган ҳурмат-эҳтиромдан мамнун эканлигини айтиб ўтди. Қолаверса, Миссионерликнинг салбий оқибатлари борасида етарлича тушунчалар ҳосил қилганлигини ва буларни ўз дўстларига ҳам тушунарли қилиб етказишини таъкидладилар.
Тадбир давомида “Намоз ва дуолар” китоби имконияти чекланган ҳамюртларимизга ҳадя тариқасида тарқатилди.
Йиғилиш якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан учрашув иштирокчилари учун эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 19/02/2022 14:54; Кўрилганлиги: 1098
Чоп этилган вақт: 04/11/2025 16:43
		
																								



















