ФҲДЁдаги учрашувлар такомиллашмоқда
Жойлардаги ФҲДЁ бўлимларида ёш оила қурувчилар билан оилалар мустаҳкамлиги йўлида олиб борилаётган учрашувлар тобора такомиллашиб, сермазмунлик касб этиб бормоқда.
5 декабр куни ўтказилган галдаги учрашувлар ҳам оила муқаддаслиги, масъулияти, эр-хотин вазифаси, бурч ва мажбуриятлари ҳақидаги никоҳ риштасининг мустаҳкамлигини таъминловчи насиҳатлар билан бошланди. Сўнг ёшларнинг дунёқараши, қаршисида турган ҳаётининг янги босқичи бўйича тасаввури нималардан иборат эканлигига эътибор қаратилди.
Муҳокама ва савол-жавоб услубида олиб борилган суҳбат асносида ёшлар дунёқарашлари, фикрдоираларидан келиб чиқиб мулоҳазаларини баён қилдилар.
Таъкидлаш лозимки иштирокчиларнинг аксарияти дабдаба тарафдори эмас ва имконқадар ота-оналарига енгиллик бўлишини истайдилар. Албатта, уларнинг ушбу хилдаги хулосага келишларида имом хатиблар томонидан олиб борилаётган тушунтириш ва насиҳатларнинг ҳам салмоғи катта. Зеро, Қуръони каримда:
“Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”, дея таъкидланган. (Зориёт сураси, 55-оят).
Бу галги учрашувларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири Булунғур тумани ФҲДЁ бўлимидаги суҳбат давомида коллеж талабалари томонидан қайнона келин муносабатларига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 05/12/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2195
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 05:55