Фаол имом хатиблар тақдирланди
Бугун, 28 август куни Самарқанд вакиллиги биносида Давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан вилоятимиздаги энг фаол имом-хатиб, имом-ноиб ва соҳа вакилларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тадбирга йиғилганларни яқинлашиб келаётган мустақилликнинг 29 йиллиги билан қутлаб, масжид фаолиятида холис хизмат қилаётган барча ходимларга самимий миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг фидокорона меҳнатлари, чуқур билими, тажрибаси, намунали хулқи, фидокорлиги билан Аллоҳнинг байтига, динимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган имом-хатиб, имом ноибларидан иборат ўн нафар соҳа ходимлари фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо мукофотлар билан тақдирланди. Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида, динимизнинг ривожи, Ватанимизнинг равнақи борасидаги барча солиҳ амалларининг ҳусни қабул бўлишини сўраб, дуолар қилинди.
Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган экан, уни юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита – сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга оз эмас, кўп эмас, Аллоҳнинг муҳаббати бўлар экан. чунки, Аллоҳ таоло Моида сурасида бундай марҳамат қилган:
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур” (54-оят).
Муборак динимиз йўлида хизмат қилаётган барча ходимларга Аллоҳнинг Ўзи ажру мукофотлар ато этсин!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 28/08/2020 15:48; Кўрилганлиги: 1245
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:41