Диний соҳа ходимлари учун илмий ўқув семинар ўтказилди
2018 йил 5 апрел куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари раислигида “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва Ислом дини маърифатини тарқатишда соҳа ходимларининг ўрни” мавзусида видео-конференция орқали илмий-ўқув семинар бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти имом хатиблари Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг катта мажлислар залида видео-конференцияда иштирок этдилар.
Тадбирда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан Ислом дини таълимотини кенг ёйишда улкан ишлар қилинаётгани, ўтган вақт давомида берилган қулай шарт-шароитлар ҳаммани беҳад қувонтирганини алоҳида таъкидладилар.
Давлатимиз Раҳбарининг шу йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи якунларида, Самарқанд вилояти имом-хатибларининг билим савиясини янада ошириш мақсадида, ўқув курслари ташкил этиш, Самарқанд вилоятидаги имом-хатиблар учун ўқув семинар ўтказиш вазифаси топширилгани, бугунги видео-анжуман ҳам мазкур ишларнинг узвий давоми эканини муфтий ҳазратлари баён қилдилар.
Бугун маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётимизда содир бўлаётган дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да ҳар бир диний ходимга муносиб вазифаларни топширдилар.
Семинарда “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, Ислом академияси ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолияти ҳамда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Семинарга таклиф этилган бошқа маърузачилар томонидан соҳага доир муҳим мавзуларда маърузалар қилинди.
Масофадар туриб сўз олган Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов диний идора тарихида илк маротаба ўтказилаётган видео-конференция жуда ҳам фойдали бўлгани, 3000 мингдан зиёд диний ходимлар битта мажлисда жам бўлиб, иштирок этаётганлари ажойиб муҳит ҳосил қилганини таъкидлади. Шунингдек, вилоятдаги имом-хатиблар ҳафта кунларини маълум бир вазифаларга ажратган ҳолда фаолият олиб бораётгани, Калом ва Ҳадис мактаблари фаолияти, тингловчилар “Фиқҳул Акбар” китоби матни ва шарҳини ўқиб тугатишганини айтди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига жорий йилда 30 миллион сўмга яқин моддий ёрдамлар кўрсатилгани, Нарпай тумани имом-хатиблари ташаббуси билан ногиронлиги бор бўлган фуқарога тақдим этилган намунавий уйнинг дастлабки тўловини тўлаб берилгани, Самарқанд тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Самарқанд туманида яшовчи, уч нафар фарзанди билан бева қолган аёлга намунавий уй-жой олиб берилганини маълум қилди.
Тошкент ва Андижон вилояти бош имом-хатиблари ҳам масофадан туриб семинарга доир фикр мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида, берилган топшириқларни адо этишда имом-домлаларнинг иш тажрибаси, билими ва салоҳияти етишига ишонч билдирилди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати маълумотларидан фойдаланилди.
Киритилган вақти: 05/04/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2036
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 05:06