БИЗ БОЙЛИКНИ “ЖАМЛАШДА” ДЕБ БИЛГАН ЭДИК АСЛИДА У “САРФЛАШДА” ЭКАН
Ўз олдига юксак, савобли, олийжаноб мақсадларни вазифа қилиб қўйган “Меҳр улаш” номли расмий хайрия гуруҳи мамлакатимиз бўйлаб кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга, имконияти чегараланган инсонларга, бемор, ота-онасидан эрта жудо бўлган болажаонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб, меҳр улашиб келмоқда.
Бугун, гуруҳ аъзолари Самарқанд вилоятига хайрия эҳсонлари билан ташриф буюрдилар. Хайрия тадбири ташкилотчиларини Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов қабул қилди. Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Зафар Маҳмудов, фахрий имомларимиздан устоз Маҳмуджон домла Ибодуллаевлар иштирокида бўлиб ўтган қабул маросимида “Меҳр улаш” расмий хайрия гуруҳи аъзолари ўзлари томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида сўлаб беришди. Бугун эса Самарқанд шаҳар ва туманлардаги ота-онасидан жудо бўлган чин етимларга рўзғорлик эҳсонлари тарқатиш ниятида эканликларини айтдилар.
Шундан сўнг ушбу хайрия гуруҳининг олиб бораётган савобли ишларига барака ҳамда бу тадбирларга ҳисса қўшаётган саховатпеша инсонларнинг ажру савобларини зиёда бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди. Хайрия тадбири доирасида гуруҳ томонидан 50 нафар етим болалар ҳолидан хабар олиниб, уларга рўзғорлик эҳсонлари улашилди. Эҳсон ташкилотчиларига маҳаллий имом-хатиблар ҳамроҳлик қилди.
Аллоҳ таоло эҳсон қилган биродарларимизнинг эҳсонларини қабул қилсин, уни ташкил этишда иштирок этганларга ҳам уларнинг мисличалик ажрлардан насиб этсин, Амийн!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 17/01/2021 20:03; Кўрилганлиги: 1433
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 04:27