Авиаҳалокатга учраган оилаларнинг яқинларига таъзия изҳор этилди
Канаданинг Онтарио провинциясида енгил самолётнинг ҳалокатга учраши оқибатида етти киши ҳалок бўлган эди. Асли Ўзбекистонлик, АҚШнинг Техас штатида истиқомат қилувчи Отабек Облоқулов Онтарионинг Кингстон шаҳри атрофида Piper PA-32 самолётини бошқариб кетаётганида ҳалокатга учраган. Самолёт Онтарионинг Маркхэм шаҳридан Квебек провинциясининг Квебек шаҳри томон ҳаракатланаётган бўлган. Самолётда Облоқуловнинг турмуш ўртоғи ва 3, 11 ва 15 ёшли фарзандлари бўлган. Бундан ташқари бортда Канаданинг Торонто шаҳрида доимий истиқомат қилувчи, асли Ўзбекистондан бўлган Бобомурод Набиев ва унинг турмуш ўртоғи ҳам бўлган.
Ушбу оилаларнинг ота-онаси ва яқинлари Самарқанд шаҳар ва Тайлоқ туманларида яшайди. Бугунги кунда ушбу хонадонларга таъзия билдириш учун оиланинг яқинлари, қариндошлар ва дўстлари ташриф буюрмоқда. Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва вилоятмиздаги устоз имом домлалар ушбу хонадонларда бўлиб, мусибат аҳлига тасалли бердилар ва таъзия изҳор қилдилар. Марҳумларнинг ҳақларига Қуръон тиловати ва дуо қилинди. Аллоҳ таоло инсонларни ҳар турли мусибатлар билан синаши, бу синов ва мусибатларга сабрли бўлишлари айтиб ўтилди.
Қурбон бўлганларни Аллоҳ таоло раҳматига олсин, яқинларига сабр берсин.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 04/12/2019 18:52; Кўрилганлиги: 1488
Чоп этилган вақт: 14/09/2024 18:42