Аллоҳга энг севимли инсон, одамларга кўп манфаати тегадиган кишидир
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мисоли майсага ўхшайди. Уни шамол доимо у ёқ-бу ёққа эгиб туради. Мўминга доимо бало етиб туради. Кофир мисоли Арз дарахтига ўхшайди. Қимирламай туриб, бирдан томиридан қўпорилади”, дедилар”. Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Дарҳақиқат мўмин бандага бу дунёда турли кўнгилсиз ҳолатлар, ҳар хил синовлар дуч келиб туриши ҳам Аллоҳ таолонинг унга нисбатан яхшилиги бўлиши мумкин экан. Аммо Аллоҳ таоло бу дунёдаги етадиган мусибатлар орқали мўминга бир неча фойдаларни ирода қилган. Турли балоларнинг етиши эса мўминларнинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлар экан. Албатта, ўша бало етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми, дея розилик ила қабул қилиб олиш ва сабр қилиш шарти ила. Мўмин ўзига, боласига ва молига етган мусибатларни сабр ила қарши олиб, Аллоҳ таолонинг савобини кўпроқ касб қилишга уриниш ила зоҳиддик даражасига етишади.
Динмизда мусибат етган мўминга ёрдам қўлини чўзишнинг ҳам савоби нақадар улуғ эканлиги қайд этилган. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга севимли инсон ким? ва Аллоҳга севимли амал қайси?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга энг севимли инсон, одамларга кўп манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик бахш этиш, унинг ташвишини кетказиш, қарзини тўлаб бериш, уни қорнини тўқлаш. Мен бир дўстимнинг эҳтиёжи учун юришим, Масжидун Набавийда эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир…”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Нарпай тумани Тўрон маҳалласида яшовчи Рустамова Замира опанинг фарзанди Россия Федерациясига ишлаш учун кетган эди. Тақдир тақозоси билан мусофир юртда у автоҳалокатга учраб, ҳозир шифохонада экан. Ўзга юрт, яқинлар эса йироқда. Тўрт-беш сўм пул топаман, деб сафарга чиққан йигит ўзи бугун маблағга муҳтож бўлиб турибди. Бундан хабар топган маҳалла фаоллари ва Нарпай туман бош имом-хатиби Д.Бектамишов Замира опа хонадонида бўлиб, ундан ҳол-аҳвол сўради. Ўғлининг даволаниши ва юртига қайтиши учун у кишига ҳомийлар кўмаги билан 8 000 000 сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатдилар.
Ана шундай савобли амалга ўз ҳиссасини қўшганларга Аллоҳ таоло ажр ва савобларини зиёда қилсин!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 20/02/2020 11:43; Кўрилганлиги: 1203
Чоп этилган вақт: 14/09/2024 20:19