2016 ЙИЛ ЯКУНЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ
2017 йил 18 январ куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигида 2016 йил якунлари ҳамда 2017 йилда амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга оид йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда Самарқанд шаҳар ва Самарқанд туман масжид имом хатиблари иштирок этдилар.
Дастлаб вилоят бош имом хатиби Нуриддинхон домла Исламов сўзга чиқиб, ўтган 2016 йил давомида вилоятда имом хатиблар томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар хусусида сўз юритди. Намуна кўрсатиб, самарали фаолият юритган, масжид ободлиги йўлида меҳнат қилган, юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшган имом хатибларга алоҳида ташаккурлар билдирди. Янги йилда олдинда турган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида гапириб, имом хатибларга бу борада кўрсатмалар, топшириқлар бериб ўтди. 2017 йилда олдинги йиллардан кўра кўпроқ ижобий натижаларга, муваффақиятларга эришиш кераклигини айтиб, ушбу мақсад йўлида тинимсиз меҳнат қилиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам иштирок этиб, 2016 йилда “Ҳидоят” жўрнали ва “Ислом Нури” газетасига обуна ташкил этишда намуна кўрсатган имом хатибларни махсус ташаккурнома билан тақдирлаб, эсдалик совғаларини улашди.
Тадбир сўнгида имом хатибларга 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида керакли кўрсатмалар берилди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 19/01/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3756
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 12:14