Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Халқаро ҳамкорлик

Уламоларимиз дунёда ўз мавқеларини намоён қилмоқдалар

 
 

Уламоларимиз дунёда ўз мавқеларини намоён қилмоқдалар Маълумки, халқимиз кўп асрлардан буён ислом таълимоти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келади. Бу ҳақиқатни бутун мусулмон дунёси ва жаҳон жамоатчилиги яхши билади ва тан олади. Кўплаб алломалар етишиб чиққан заминдан шукрлар бўлсинким, дин олимлари давомий бўлиб келмоқда. Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида Мусулмон донишмандлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Юртимиз халқи учун ушбу йиғилишда яна бир тарихий воқеа содир бўлди. У ҳам бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгашга қабул қилинганлари эълон қилинганидир

Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб жаноблари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини ушбу нуфузли кенгаш аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирар экан, ўз сўзида Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган кўплаб уламолар орасидан фақатгина Ўзбекистон муфтийси аъзо қилинганига алоҳида урғу қаратгани эътиборга моликдир. Йиғилишда иштирок этаётган дунёнинг етакчи ва таниқли уламолари ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини Мусулмон донишмандлар кенгашига қабул қилинганлари тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юксак эътироф этдилар. Муфтий ҳазратларининг ушбу кенгашга қабул қилиниши юртимиз мусулмонлари ҳамда динимиз манфаати йўлида олиб бораётган барча меҳнатларига муносиб эътироф бўлди. Бу ҳам ўтган даврда мамлкатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, халқимизнинг Ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги сермаҳсул меҳнатлари самарасидир. Юртимизнинг жами аҳолиси қатори биз Самарқанд аҳли ва вилоятдаги барча диний соҳа вакилларини ушбу хабар мамнун этди. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, юртимиз уламолари яна дунёда ўз мавқеларини намоён қилмоқдалар. Самарқандлик уламо ва устозлар ҳамда барча диний соҳа вакиллари номидан ушбу мўътабар вазифа билан муфтий ҳазратларини қутлаб, Аллоҳ таолодан у кишига Мусулмон донишмандлар кенгаши ҳамда динимиз ва мусулмонлар хизматидаги фаолиятларида улкан муваффақиятлар сўраймиз.

Зайниддин домла Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили


Киритилган вақти: 12/02/2024 10:12;   Кўрилганлиги: 218
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/international-cooperation/ulamolarimiz-dunyoda-oz-mavqelarini-namoyon-qilmoqdalar
Чоп этилган вақт: 01/03/2024 15:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг