Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Ургут туманида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди

 
 

Бугун, 2024 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан навбатдаги сайёр йиғилиш Ургут туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят вакиллиги ходими Х.Темиров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.

Шундан сўнг, Хасан домла Темиров Ургут тумани бош имом-хатиби А.Ҳасанов ҳамроҳлигида туман марказидаги “Мўлла Шоди бобо” жоме масжиди ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди. Қолган бош имом-хатиблар ва иқтидорли имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида тумандаги 31 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда 2023-2024 йилларда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 31 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг ИҲМ, ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Ургут туманидаги 30 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа, бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Вилоят вакиллиги ходими Ҳасан домла Темиров Ургут туманидаги “Мулла Шоди бобо” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилар билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат хурофотларни тўхтатишда қилиниши керак бўлган амалий ишлар, аҳоли билан яқиндан ишлаш, фаолиятларига масъулият билан ёндашиш ва шу каби масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, Ҳасан домла “Мулла Шоди бобо” жоме масжидида жамоат билан бирга Пешин намозини адо этди.

Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Ургут туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят вакиллиги мутахассиси Ҳасан домла Темиров ва Ургут тумани бош имом-хатиби А.Ҳасановлар бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, яқинлашиб келаётган Қиш мавсумига барча масжидлдарни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

 Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

\

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 26/11/2024 23:21;   Кўрилганлиги: 300
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/urgut-tumanida-sayyor-yigilish-bolib-otdi
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 21:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг