Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

“Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти Самарқанд вилоятидаги диний соҳа ходимларига муборак Умра сафарига икки кишилик йўлланмани топширди

 
 

Бугун, 2023 йил 26 январь куни “Шамсуддинхон Бобохонов” нашиёт-матбаа ижодий уйи бош директори Имомназаров Султонбек ва нашриёт ходими Каримов Азизбеклар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигига ташриф буюрдилар.

Меҳмонларнинг ушбу ташрифидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли «Шамсуддинхон Бобохонов» нашиёт-матбаа ижодий уйининг даврий нашрлари – «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2023 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этиб, яхши натижаларга эришган Самарқанд вилоятининг фаоллигини алоҳида тақдирлаш эди.

Меҳмонларни вакиллик биносида вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов кутиб олиб, дилдан суҳбат қурдилар. Суҳбат  давомида «Шамсуддинхон Бобохонов» нашиёт-матбаа ижодий уйи Бош директори С.Имомназаров обуна мавсумида энг юқори натижани қайд этган, нашрларни халқимиз орасида кенг тарғиб этишга муносиб ҳиса қўшгани учун Самарқанд вилояти вакиллигини нашриётнинг махсус ташаккурномаси ҳамда икки дона Умра сафарига йўлланма билан тақдирлади.

Берилган ушбу мукофотдан сўнг, Зайниддин домла вилоятимизнинг арзимас ушбу хизматини улкан баҳолаб, кўрсатилган эътибор ва эътироф учун аввало Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига ва нашриётнинг барча раҳбар ҳамда ходимларига бутун вилоятимиздаги диний соҳа ходимлари номидан алоҳида миннатдорчилик билдириб, мазкур йўлланма вакиллик томонидан тизимдаги энг муносиб деб топилганларга берилиши таъкидлаб ўтдилар.

Аллоҳ таоло халқимизга маърифат улашиш, зиё тарқатишдек хайрли ишларни бардавом қилсин!

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 26/01/2023 20:19;   Кўрилганлиги: 409
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/shamsuddinxon-boboxonov-nashriyoti-samarqand-viloyatidagi-diniy-soha-xodimlariga-muborak-umra-safariga-ikki-kishilik-yollanmani-topshirdi
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 05:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг