Самарқандда диний-маънавий хизмат қилган зотларга ҳурмат ва эътироф тадбири ўтказилди
Самарқанд вилоятида Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан маънавий-маърифий руҳда, ибрат ва ҳурмат асосида катта тадбир ташкил этилди. Ушбу хайрли ташаббусга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов бошчилик қилди.
Тадбир Самарқанд вилоятида узоқ йиллар давомида диний-маърифий соҳада сидқидилдан хизмат қилиб, бугунги кунда орамизда йўқ марҳум уламоларнинг хотирасини ёд этиш, ҳамда ҳозирда ҳаёт бўлган фахрий устозларга эҳтиром кўрсатиш мақсадида уюштирилди.
Дастлаб, вилоятнинг турли туманларидан ташриф буюрган фахрий имом-хатиблар, устозлар ва жамоат вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, унда марҳум уламоларнинг халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги улуғ хизматлари ҳақида фикрлар билдирилди. Хотиралар тингланди ва самимий дуолар ила улар руҳи шод этилди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар томонидан Қуръон тиловати ва махсус дуолар қилинди. Тадбир сўнгида ош дастурхони ёзилиб, марҳумларнинг руҳига бағишланди.
Фахрий устозлар эътибордан четда қолмади. Уларга миннатдорлик рамзи сифатида эсдалик совғалари топширилди. Бу эзгу иш устоз ва уламоларга бўлган эҳтиром ва садоқатнинг амалий ифодаси бўлди.
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов ўз нутқида бундай тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, янги авлодни миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда, ўтганларни эслаш ва борларга қадр билан муносабатда бўлишнинг муҳим эканини таъкидлади.
Бу каби тадбирлар келажак авлод учун ибрат мактаби бўлиб, ислом маънавиятининг инсонпарварлик ва ҳурматга асосланган тамойилларини амалда намоён этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги Матбуот хизмати
Киритилган вақти: 07/05/2025 16:10; Кўрилганлиги: 930
Чоп этилган вақт: 24/06/2025 09:31