Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

РАМАЗОН ТУҲФАЛАРИ УЛАШИЛДИ

 
 

Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади.

Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган.

Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Рамазон ва ҳайит Ҳайит байрамлари сингари улуғ кунларда ҳадя бериш ундан кўзланган мақсаднинг самаралари янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра, ана шундай улуғ кунларда ҳадядан кўпроқ шодланадиган инсонларни ҳадя билан севинтириш афзал ишлардан саналади.

Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Мўмин” жоме масжиди жамоаси масжид имом хатиби Жаҳонгир Ҳотамов ташаббуси билан Сартепо масканидаги 25 та кам таъминланган оилаларга 7 500 000 сўмлик Рамазон туҳфалари улашди. Ҳайит байрами олдидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли ширинликлар жойланган қутилар шаҳар ҳокимияти вакиллари, маҳалла фаоллари иштирокида ҳадя қилиниши бу улуғ айём кунларида кам таъминланган оилаларга ҳақиқий байрам совғаси бўлди десак, муболаға бўлмайди. Мана шу каби хайрли ишларнинг ташаббускорлари ва унга моддий жиҳатдан ҳиссасини қўшган барча инсонларга Аллоҳ таоло ўзи ажру ҳасанотлар ато айласин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 03/06/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 679
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/ramazon-tuhfalari-ulashildi
Чоп этилган вақт: 28/07/2021 08:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг