Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

“Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида Самарқандда бугун ҳашар

 
 

Азал-азалдан ота-болаларимиз баҳорни интиқиб кутишган. Баҳор келиши билан ерга уруғ қадашиб, ҳосил мўл бўлишлигини Аллоҳ таолодан сўраб дуои-хайрлар қилишган. Яна шундай анъана борки, ушбу анъана ҳам асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Баҳор фасли кириб келиши билан халқимиз томонидан кўчалар сарамжон-саришта қилинган, турли хил ҳашарлар уюштирилиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлар экишиб, яшаб турган масканларини янада обод қилишга уринишган.

Ўлкамизга эса мана баҳор фасли кириб келди. Дов-дарахтлар биринчи куртагини ҳам очишга улгурди. Юртимизнинг қайси бир гўшасига бормайлик халқимиз ушбу муаззам кунлардан фойдаланиб, яшаб турган жойларини янада обод қилишга уринаётганлигини гувоҳи бўламиз.

Жумладан, жорий йилнинг 18 март санасида ҳам вилоятимиз бўйлаб халқимиз томонидан шанбалик-ҳашарлари ўтказилмоқда. Бугун Самарқанд вилоятида “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтказилаётган ҳашарлар орқали вилоятимизнинг ҳар бир гўшаси обод бўлмоқда.

Ўтказилаётган ҳашарда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигининг меҳнат жамоаси, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларимиз ҳам ўзларининг ғайрат ва шижоатларини кўрсатмоқдалар.

Эрта тонгдан масжид аҳли билан биргаликда вилоятимиздаги барча масжидларда ва қабристонларда ободончилик ишлари ўтказилмоқда. Кўчалар супирилиб, экин майдонларига турли хил анвои гуллар экилмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деб марҳамат қилганлар: “Албатта Аллоҳ таоло гўзал, гўзалликни яхши кўради. Албатта Аллоҳ таоло пок, покликни яхши кўради. Албатта Аллоҳ таоло озода, озодаликни яхши кўради. Албатта Аллоҳ таоло олий-химмат, олий химматни яхши кўради. Албатта, Аллоҳ таоло сахий, сахийликни яхши кўради. Бас озода бўлинглар эшикларни олдинини тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаманглар”.

Шундай экан барчаларимиз Аллоҳ берган умримизни яхшилик, эзгу ишлар қилишликка уринайлик. Яшаб турган манзилу-маконларимизни янада озода сақлайлик. Бўш турган ерларимизга эса мевали ва манзарали дарахтлар экиб, юртимизнинг ободлиги йўлида муносиб ҳисса қўшайлик.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни эса ҳамиша мусаффо айласин.

Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 18/03/2023 12:33;   Кўрилганлиги: 425
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/obod-va-fayzli-mahalla-yurt-korki-shiori-ostida-samarqandda-bugun-hashar
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 17:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг