Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Навбатдаги сайёр йиғилиш Тайлоқ туманида ўтказилди.

 
 

Бугун, 2024 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан навбатдаги сайёр йиғилиш Тайлоқ туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят вакиллиги ходими Х.Темиров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди. Шундан сўнг, тумандаги “Садақайрағоч” жоме масжиди ҳудудидаги бўш ер майдонида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тадбир ташкил қилиниб, 100 дан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Хасан домла Темиров Тайлоқ тумани бош имом-хатиби Б.Нарзуллаев ҳамроҳлигида туман марказидаги “Тайлоқ ота” жоме масжиди ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди. Қолган бош имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида тумандаги 20 та масжид имом-хатиблари ҳамда 2023-2024 йилларда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 20 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг ногиронлиги бор, ИҲМ, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Тайлоқ туманидаги 20 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар.

Вилоят вакиллиги ходими Ҳасан домла Темиров Тайлоқ тумани бош имом-хатиби Б.Нарзуллаев билан биргаликда Тайлоқ туманидаги “Тайлоқ ота” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилар билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат хурофотларни тўхтатишда қилиниши керак бўлган амалий ишлар, аҳоли билан яқиндан ишлаш, фаолиятларига масъулият билан ёндашиш ва шу каби масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, Ҳасан домла “Тайлоқ ота” жоме масжидида жамоат билан бирга Пешин намозини адо этди. Намоздан сўнг, Ургут тумани бош имом-хатиби Абдуғани домла Ҳасанов жамоатга “Аллоҳнинг неъматларига шукроналик” мавзусида мазмунли маъруза қилиб берди.

Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Тайлоқ туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят вакиллиги мутахассиси Ҳасан домла Темиров ва Тайлоқ тумани бош имом-хатиби Б.Нарзуллаевлар бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, Қиш мавсумига барча масжидлдарни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 03/12/2024 20:24;   Кўрилганлиги: 1330
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/navbatdagi-sayyor-yigilish-tayloq-tumanida-otkazildi
Чоп этилган вақт: 16/01/2025 20:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг