Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Булунғур аҳли имом-хатибларимиздан мамнун бўлдилар

 
 

Бугун, 2023 йил 03 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан ва албатта вилоят ҳокимлигининг жамоат ҳамда диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги сайёр йиғилиш Булунғур туманида ўтказилди.

Тумандаги мавжуд 16 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда ҳамкор ташкилот масъулларининг ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари, иқтидорли имом-хатиблар ҳамда Ҳадис мактабининг бир қанча талабалари тумандаги 16 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ИҲМ ва шу каби тоифадаги оилаларга ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Булунғур туманидаги 16 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Шукр қилиш фазилати”, “Ёшликни ғанимат билинг”, “Фитналарга берилмайлик”, “Тинчликнинг қадрига етинг”, “Силаи раҳмнинг фазилатлари”, “Бидъатларнинг тарқалишига йўл қўймайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ота-онага яхшилик қилиш улуғ савоб”, “Интернетдан фойдаланиш одоблари”, “Ёт ғояларга алданманг”, “Илм олишнинг фазилатлари” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Ушбу тадбирлар давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагиларни ташкил қилди:

  • Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 16 та. Шундан 10 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
  • Кам таъминланган оилаларга ташриф: 61 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Ногиронлиги бор ва касалманд 4 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Нотинч оилаларга ташриф: 2 та. Бу оила ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
  • Ичкиликка ружу қўйган 2 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Улар қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
  • Қўшниси билан низолашган 1 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди;
  • Уюшмаган ёшлар билан 12 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 га яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
  • Тумандаги 16 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Унда 2000 нафарга яқин намозхонлар иштирок этишди.
  • Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори 10 300 000 (ўн миллион уч юз минг) сўмни ташкил қилди.
  • Қолаверса вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров тумандаги кам таъминланган икки нафар оилаларга ҳомийлар томонидан қурилган уйларни топшириш маросимида қатнашиб, ушбу хонодон аҳллари ва ҳомийлар ҳақларига хайрли дуолар қилиб биерди.
  • Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров Булунғур туманидаги “Амир Ҳамза” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллалари ва отинойилар билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат хурофот ва ажримларнинг олдини олиш йўлида қилиниши керак бўлган амалий ишлар, аҳоли билан яқиндан ишлаш, фаолиятларига масъулият билан ёндашиш ва шу каби масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказди.
  • Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Булунғур туманидаги маҳаллаларда ва масжидларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров ва дин ишлари бўйича қўмитанинг тумандаги мутахассиси бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ободончилиги ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан масжидларни доим озода сақлаш, таъмирлаш ишларига эътиборли бўлиш, аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
  • Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 03/05/2023 18:52;   Кўрилганлиги: 391
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/bulungur-ahli-imom-xatiblarimizdan-mamnun-boldilar
Чоп этилган вақт: 18/06/2024 11:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг