Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

БЎЛАЖАК ҲОЖИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

 
 

Албатта, гуруҳ раҳбарлиги масъулиятли вазифа ҳисобланади. Шу боис улар билан Самарқанд вилоятда вилоят бош имом-хатиби, ўринбосарлари ҳамда шу соҳа масъуллари иштирокида ўқув машғулотлари ўтказиш одат тусига кирган. Ана шундай машғулотларнинг навбатдагиси бугун, 22 июн куни Самарқанд шаҳридаги катта мажлислар залида бўлиб ўтди. Уни вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов олиб борди.

Тадбирда ДИҚ Самарқанд шаҳри бўйича бош мутахассис Р.Султанов, зиёратчиларга раҳбарлик қилувчи 14 нафар гуруҳ раҳбарлари, ва Самарқанд вилоятидан Ҳаж ибодатига йўл олган 700 дан зиёд фуқаролар қатнашдилар. Тадбир давомида вилоят бош имом-хатиби уларнинг бурч ва масъулиятлари, Ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишларнинг уларга тааллуқли жиҳатлари атрофлича ёритилди.

Албатта, Ҳаж сафарини ихтиёр этган ҳар бир киши қалбига пок эзгу ниятларни жо этиб, бу дунёнинг роҳат-фароғати, мол-мулки, ғам-қайғусидан воз кечиб, чин қуллик либосида Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат этишга чоғлансин. Ана шундагина қилган ибодати Аллоҳ таъолонинг ҳузурида мақбул бўлғусидур, иншааллоҳ.

Ҳажга кетаётган инсон қайсидир бир оиланинг аъзоси, қайсидир бир қишлоқ ёки шаҳарнинг аҳли, маълум бир мамлакатнинг фуқароси сифатида боради. Шундай экан, ҳар бир юртдошимиз ҳаж амалларини қандай бажариши, ибодатлари, кундалик юриш-туриши, ўзини тутиши, ҳаж арконларини тўлиқ адо этиши билан Ватанининг обрў-эътибори зиёда бўлишига ҳисса қўшган бўлади. Ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанга қайтгач эса, қолган ҳаётини ҳожи деган улуғ, муборак номга муносиб ҳолда, иймон-эътиқод билан, меҳр-мурувват билан, силаи раҳм, хайру саховат билан, бор-йўғини хайрли ва савобли ишларга бахшида этиб яшаши лозим бўлади

Бинобарин, ҳаж амалларини бажаришга ният қилган киши Ислом динининг барча кўрсатмаларига амал қиладиган, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқадиган, атрофидагиларга ўзининг гўзал хулқу одоби билан намуна бўладиган инсон бўлиши лозим. Шунга кўра, ҳажни ният қилиб эҳромга кирган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг сўнгги дини бўлмиш Исломнинг бешинчи фарзи – ҳаж ибодатини бекаму кўст адо этишни насиб айласин, бу хайрли ишга бош-қош бўлаётган барча азизларимизни улкан ажру савоблар билан мукофотласин, омин.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 22/06/2022 15:46;   Кўрилганлиги: 400
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/events/bolajak-hojilar-bilan-uchrashuv
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 23:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг