04.10.2019 й. Мусулмонлар фитналардан сақланиши лозим
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي قَالَ: "الْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ: "سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ"، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ
Ҳурматли жамоат! Динимизда жамиятдаги инсоф-диёнат, ўзаро тотувлик, бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна чиқариш, ихтилоф солиш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.
Тинчликни фаровонлик ва тараққиётнинг бош мезони деб билган ҳар қандай давлат жамиятда фитна оралашига қаршилик қилади, бунга йўл қўймайди, фитначилар билан ҳеч қачон муросага бормайди. Инсоният тарихининг илк кунлариданоқ ҳолат шу. Душман қаерни эгалламоқчи бўлса, қайси заминнинг бойликларини таламоқчи, халқини қул қилмоқчи бўлса албатта ўша ерда фитна уруғини экишга ҳаракат қилган, маҳаллий фитначиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Бунга тарихдан мисол келтирсак. Мадина шаҳрида яшаган Авс ва Хазраж қабилалари доим бир-бири билан адоват қиларди. Ислом келганидан кейин улар дўст биродар бўлдилар. Уларнинг бу дўстлигини кўра олмаган бир яҳудий, уларга қизғин жанг бўлган Буос кунини эслатди. Ўша кунги жанглар, қаҳрамонликлардан бошланган гап, низога айланиб, охири икки қабила ўзаро жанг қилишмоқчи бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, муҳожирлардан бўлган асҳоблари ҳамроҳлигида улар ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач: “Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўла туриб сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, у сабабли сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бирбирига ошно қилганидан сўнг-а?!”, дедилар. Шундагина қавм ўзларига келиб, душман макрига алданиб қолганликларини англаб етдилар, иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар (“Ас-Сийратун набавия” китоби).
“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “синаш”, “имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” маъноларини билдиради.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда эса “фитна” сўзи бир неча маъноларда келган. Масалан, “синов, имтиҳон”, “ҳақ йўлдан тўсиш”, “оловда азоблаш”, “ширк, куфр келтириш”, “ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш”, “залолатга кетказиш”, “одамларни қатл қилиш ва асир олиш”, “одамлар ўртасидаги келишмовчилик” маъноларини учратиш мумкин. Аллоҳ таоло бандаларини фитнага солиши уларни синаш, имтиҳон қилиш бўлади. Мўминлар фарзандлар, мол-давлат ва бошқа нарсалар сабабли “фитна”га тушади, яъни имтиҳон қилинади. Қадимдан мўмин мусулмонлар ғайридинлар томонидан “фитна”га учраганлар, яъни уларни ҳақ йўлдан тўсишмоқчи бўлишган. Аҳли ислом ўртасига ташланадиган “фитна”ларга Али ва Муовия разияллоҳу анҳумо ўртасида бўлиб ўтган воқеалар ва Жамал воқеаси мисол бўлади. Қолаверса, ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الشَّهْرِ الْحَرَامِ قِتَالٍ فِيهِ قُلْ قِتَالٌ فِيهِ كَبِيرٌ وَصَدٌّ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَكُفْرٌ بِهِ وَالْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَإِخْرَاجُ أَهْلِهِ مِنْهُ أَكْبَرُ عِنْدَ اللَّهِ وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ
яъни: “Сиздан “Шаҳри Ҳаром”да жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “Унда жанг қилиш катта гуноҳдир. (Лекин одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжиди Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида (улардан ҳам) каттароқ гуноҳдир. Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).
Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига нисбатан қайраш, низо чиқариш ва инсонлар орасида душманчилик кайфиятини ёйиш орқали кўп ўлимларга, оммавий қирғинларга, биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.
“Фитна”нинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасод қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик уни асл моҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَا تَذْهَبُ الدُّنْيَا حَتَّى يَأْتِيَ عَلَى النَّاسِ يَوْمٌ لَا يَدْرِي الْقَاتِلُ فِيمَ قَتَلَ، وَلَا الْمَقْتُولُ فِيمَ قُتِلَ، فَقِيلَ: كَيْفَ يَكُونُ ذَلِكَ؟ قَالَ: الْهَرْجُ، الْقَاتِلُ وَالْمَقْتُولُ فِي النَّارِ
(رواه الامام مسلم عنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё, токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун ўлдирилаётганини билмайдиган кун келмагунча, йўқ бўлмайди”. “Бу қандай рўй беради?” – дейилди. “Ҳарж (фитна аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Афсуски, дунёдаги нотинч ҳудудлар ҳақида тааммул қилган киши бу ҳудудлар мусулмон диёрларига тўғри келаётганини англайди. Мусулмон мусулмонни таламоқда, азобламоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайинли жавоб йўқ, ҳеч бири билмайди.
“Ислоҳ”, “жиҳод”, “Исломий давлат қуриш” каби ниқоблар қиёфасидаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетди. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда ўзларининг чет элдаги устозларининг “фатво”лари билан фитнани оқламоқчи бўладилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
انَّ بَيْنَ يَدَيْ السَّاعَةِ الْهَرْجَ قِيلَ: وَمَا الْهَرْجُ؟ قَال: الْكَذِبُ وَالْقَتْلُ قَالُوا: أَكْثَرَ مِمَّا نَقْتُلُ الْآنَ؟ قَالَ: إِنَّهُ لَيْسَ بِقَتْلِكُمْ الْكُفَّارَ، وَلَكِنَّهُ قَتْلُ بَعْضِكُمْ بَعْضًا، حَتَّى يَقْتُلَ الرَّجُلُ جَارَهُ، وَيَقْتُلَ أَخَاهُ، وَيَقْتُلَ عَمَّهُ، وَيَقْتُلَ ابْنَ عَمِّهِ قَالُوا: سُبْحَانَ اللَّهِ! وَمَعَنَا عُقُولُنَا؟ قالَ: لَا، إِلَّا أَنَّهُ يَنْزِعُ عُقُولَ أَهْلِ ذَاكَ الزَّمَانِ، حَتَّى يَحْسَبَ أَحَدُكُمْ أَنَّهُ عَلَى شَيْءٍ وَلَيْسَ عَلَى شَيْءٍ
(رواه الامام أحمد في المسند عن أبي موسى الأشعري رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, Қиёматдан аввал ҳарж бўлади”. “Ҳарж нима?” – деб сўралди. “Ёлғон ва қатл” – дедилар. “Ҳозирда биз у (мушрик)ларни қатл қилганимиздан ҳам кўпроқ бўладими?” – дейишди. “У сизлар кофирларни ўлдириши эмас, балки бирингиз бошқангизни ўлдиришидир. Ҳатто киши ўз қўшниси, ака-укаси, амакиси ва амакиваччаларини қатл қилади!” – дедилар. “Ажабо! Ақлимиз жойида бўладими?” – дейишди. “Йўқ, ўша замонннинг одамларининг ақли тортиб олинади. Уларни бирор нарса (яъни, ҳақ) устида деб ўйлайсиз, лекин улар ҳақ устида бўлмайдилар” (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).
Бир мунча муддат мусулмонларнинг бошига турли кулфатларни ёғдирган ИШИД балоси ҳам ана шундай фитналарнинг биридир. Уларнинг даъволари ҳар қанча баландпарвоз бўлмасин, барибир катта фитна ўйиндаги кичик бир “қўғирчоқ” бўлиб қолаверади.
Фитнанинг яна бир мудҳиш жиҳати шундан иборатки, унинг жамиятда урчиши янада каттароқ инқирозларга олиб келмаслиги учун ҳар бир ўзини билган давлат қонун доирасида қатъий чоралар кўради. Бу эса, баъзан ўз навбатида фитнага алоқадор бўлмаган бегуноҳ инсонларнинг ҳам талофат кўришига олиб келади. Чунки, фитна ўз номи билан вазиятнинг чигаллиги, ким айбдору, ким айбсиз эканини аниқлаб бўлмайдиган даражадаги тангликни келтириб чиқаради.
Шундай экан, шу юртда яшовчи ҳар бир инсон миллати, ижтимоий мавқеи, касб-коридан қатъи назар фитналарга муросасиз қарши туриш даркор. Зеро оммавий балога сабабчи бўладиган фитнага оммавий равишда қарши туриш билангина бас келиш мумкин. Ёмонликдан омонда қолишнинг биринчи ва энг самарали йўли ундан четда туришдир. Унинг ичига кирган одам ундан қутила олмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ وَالْقَائِمُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْمَاشِي وَالْمَاشِي فِيهَا خَيْرٌ مِنْ السَّاعِي وَمَنْ يُشْرِفْ لَهَا تَسْتَشْرِفْهُ وَمَنْ وَجَدَ مَلْجَأً أَوْ مَعَاذًا فَلْيَعُذْ بِهِ"
(رواه الامامُ البخاري عن ابي هريرة رضي الله عنه ).
яъни: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Диққат қилинса фитна ҳақидаги ҳадисларда унга аралашмаслик, ўзини четга олиш тавсия қилинади. Ҳадиси шарифдаги “Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига тортади” жумласининг тасдиқини ҳам ҳаётда кўрдик. ИШИД нинг тарғиботини яқиндан кузатиб борган кўпчилик ёшлар унинг тўрига илиниб қолдилар. Яна билишимиз керак бўлган муҳим нуқта шундан иборатки, фитна ўчоғига бориш “фитна”ни ва фисқу фасодни ривожлантириш бўлади.
Яна бир катта фитна мусулмонлар орасида эътиқодий ва фиқҳий масалаларда ихтилофлар чиқаришдир. Қуръони каримда баъзи кишилар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига кўра маъно бериш учун муташобеҳ оятларни ўзларига дастак қилиб олиши хабар берилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ...
яъни: “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур...”(Оли Имрон сураси, 7-оят).
Ҳозирги кунимизда ҳам одамлар орасига турли ихтилоф уруғларни сочаётган одамлар асосан муташобеҳ оятларни ўзларига далил қиладилар. Минг йиллардан бери амал қилинаётган мазҳабларни ташлаб, мазҳабсизликка даъват этадилар. Бу билан ўзларига эргашганларнинг ҳам гуноҳларини бўйинларига оладилар. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنْ الْأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئًا، وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ كَانَ عَلَيْهِ مِنْ الْإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ آثَامِهِمْ شَيْئًا
(رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, унга (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди” (Имом Муслим ривояти).
Бундай фитнадан сақланишнинг йўли, ислом уммати қабул қилган, тўғрилигига ижмо қилган фиқҳий мазҳабларга амал қилишдир. Фирқаланишни қўйиб, иттифоқ бўлишга қизиқтирувчи далиллар жуда кўп. Ихтилоф чиққанда кўпчиликка эргашиш тўғрисида Пайғамабаримиз алайҳиссаломдан шундай буйруқ келган:
فإذَا رَأَيْتُمْ اِخْتِلاَفًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ
(رواه الامام ابن ماجه عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Қачон ихтилофни кўрсангиз, катта жамоатни маҳкам тутинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).
“Катта жамоат”дан мурод тўрт фиқҳий мазҳабга амал қиладиган ва кўпчиликни ташкил қиладиган мусулмонлардир. Ихтилоф чиққанда уларнинг йўлидан юриш керак бўлади. Ибн Аббосдан ривоят қилинади, Умар разияллоҳу анҳу хутбаларида шундай деганлар:
عَلَيْكُمْ بِالْجَمَاعَةِ وَإِيَّاكُمْ وَالْفِرْقَةَ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ مَعَ الْوَاحِدِ، وَهُوَ مِنَ الْاِثْنَيْنِ أَبْعَدُ
яъни: “Жамоатни маҳкам тутинглар, фирқаланишдан сақланинглар. Чунки шайтон бир киши билан бирга бўлади. Икки кишидан эса узоқроқда бўлади”.
Ихтилоф ва фитнадан қочишнинг яна бир чораси, билмаган нарсаларини ишончли, мазҳабни маҳкам тутган аҳли суннат олимларидан сўраб олишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
...فَإِنَّمَا شِفَاءُ الْعِيِّ السُّؤَالُ...
(رواه الامام ابو داود عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه )
яъни: “...Билимсизликнинг давоси сўрашдир”, – дедилар.
Фитналар қаршисида ҳар кимнинг асл қиёфаси фош бўлади. Ҳақиқий халқпарвар, ватансевар, иймонли кишилар кимлар-у, хоин-худбинлар ким - ҳаммаси аниқ бўлади.
Яқин тарихимизда, давлатимиз энди мустақилликни қўлга киритган пайтларда ёш давлатимизга турли сиёсий, иқтисодий ва диний фитналар уюштирилди. Сир эмас, ўша фитналарга аралашганларнинг баъзилари жазога тортилди. Лекин давлатимиз ҳукумати доим кечиримлилик йўлини тутиб келди. Айниқса, кейинги йилларда юртбошимиз томонидан кетма-кет афвлар эълон қилинмоқда. Минглаб кишилар оила аъзолари бағрига қайтиб, соғлом турмуш тарзига қайтмоқда. Улар ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишлари учун ҳар томонлама ёрдам берилмоқда, иш жойлари топиб берилмоқда, моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Зеро динимиз кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاصْفَحْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ...
яъни: “...Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).
Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз керак. Фитналарнинг нечоғли зарарли, ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётда кўрдик, бу хатони такрорланишига йўл қўймаслик керак. Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам кунларимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак. Шукр ва сабр бандани Аллоҳ таоло олдида мартабасини кўтарадиган амаллардан ҳисобланади. Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик, инсон қадр-қиммати ўз ўрнида бўлади. Бемалол ибодат қилишга имкон топилади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.
Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётида бардавом қилсин! Омин!
Киритилган вақти: 02/10/2019 08:41; Кўрилганлиги: 1567
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 15:27