Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

Турли офатлар вақтида киши ўзини қандай тутмоғи лозим?

 
 

Ҳадислардан мисоллар

Инсоният ўз тарихи давомида турли синовларни бошдан кечирган. Ҳосилдорлик ва қурғоқчилик, уруш ва тинчлик, бойлик ва камбағаллик ва ҳоказо. Соғлик ва беморлик ҳам шулар жумласидан бўлиб, инсонга етган касаллик Яратган зотнинг энг катта синовларидан биридир.

Тарихда вабо касаллиги ўзининг турли кўринишлари билан бутун мамлакатларга таҳдид солганини яхши биламиз. Ҳозирда ҳам биз ана шунга ўхшаш ҳолатнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бугун коронавирус деб номланган оммавий касалликнинг дунёҳамжамиятини ташвиш ва ҳавотирга солмоқда.

Муқаддас динимизда ҳар бир муаммонинг  ечими баён қилингандек, инсоният бошига келган оммавий касалликларнинг ҳам шифоси ёки ундан сақланишнинг усуллари ёритиб берилган. Бу усуллар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ўз ифодасини топган:

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ الأَنْصَارِيِّ ، قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، يَقُولُ : غَطُّوا الإِنَاءَ وَأَوْكُوا السِّقَاءَ فَإِنَّ فِي السَّنَةِ لَيْلَةً يَنْزِلُ فِيهَا وَبَاءٌ لا يَمُرُّ بِإِنَاءٍ لَمْ يُغَطَّ وَلا سِقَاءٍ لَمْ يُوكَأْ إِلاَّ وَقَعَ فِيهِ مِنْ ذَلِكَ الْوَبَاءِ

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деяётганини эшитдим: “Идишларни устини ёпиб қўйинглар, сув мешларни оғзини маҳкамланглар, чунки йилнинг бир кечасида вабо тушади. У усти ёпилмаган идишлар ва оғзи очиқ мешларга албатта тушади”. Имом Муслим ва имом Байҳақий  ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра мўмин киши ҳар доим кутилмаган касалликни у келмасидан олдин унинг келишига тайёр ҳолатда бўлиши, ўзини ва оиласини ҳимояси чораларини кўриб юрмоғи лозим экан. Айниқса, рўзғорда истифода этиладиган буюмларнинг покизалигига, уларни гигиеник сақланиш ҳолатига, ташқи салбий таъсирлардан ҳимояланганига қаттиқ эътибор бериш кераклиги ушбу ҳадисда уқтирилмоқда. Ҳадис матнида йилда бир маротаба кечаси вабо – оммавий тарқалувчи касаллик – нозил бўлиши ҳам таъкидланган. Демак, ҳар бир мўмин киши доимо ўз оиласи саломатлиги ҳақида қайғуриши, эҳтиёт чораларини кўрмоғи керак. Чунки бу касаллик бир жойга тушдими албатта у атрофга тарқалувчи хусусиятга эга. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам вабони тарқалишига сабаб бўлиб хизмат қиладиган воситалардан сақланишга буюрдилар.

عَنْ عِكْرِمَةَ بْنِ خَالِدٍ عَنْ أَبِيهِ أَوْ عَنْ عَمِّهِ عَنْ جَدِّهِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ فِي غَزْوَةِ تَبُوكَ إِذَا كَانَ الطَّاعُونُ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا عَنْهَا وَإِذَا كَانَ بِأَرْضٍ وَلَسْتُمْ بِهَا فَلَا تَقْرَبُوهَا

Икрима ибн Холид отаси Холиддан, у эса Икриманинг бобоси (ўзини отаси) Салама ибн Осс ибн Ҳишомдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотида шундай дедилар: “Агар бирор жойга тоъун (вабонинг бир тури) тушса-ю сизлар у жойда бўлсаларингиз, у ердан чиқмангизлар. Агар вабо сизлар бўлмаган бошқа бирор жойда тарқалган бўлса, у ерга яқинлашмангизлар!” Имом Аҳмад ривояти. Ушбу ҳадисни Имом Бухорий, имом Муслим, имом Таҳовийлар ҳам ривоят қилишганлар.

Шунингдек, имом Термизий “Сунан”ида ҳам ушбу ҳадис қуйидагича ривоят қилинган:

عن أسامة بن زيد أن النبي صلى الله عليه وسلم ذكر الطاعون فقال بقية رجز أو عذاب أرسل على طائفة من بني إسرائيل فإذا وقع بأرض وأنتم بها فلا تخرجوا منها وإذا وقع بأرض ولستم بها فلا تهبطوا عليها

Усома ибн Зайддан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тоъун ҳақида сўрашдилар. У зот: “Тоъун – Бани Исроилнинг бир тоифасига юборилган касаллик ёки азобдир. Агар бирор жойга тоъун (вабо) тарқалган бўлса-ю сизлар у жойда бўлсаларингиз, у ердан чиқмангизлар. Агар вабо сизлар бўлмаган бошқа бирор жойда тарқалган бўлса, у ерга яқинлашмангизлар!” Имом Термизий ва имом Насоий ривояти.

Юқорида зикр қилинган ҳар иккала ҳадисда ҳам оммавий пандемия – вабо тарқалган ҳудудни тарк этиш ва у жойда бўлмаганларни эса вабо тарқалган жойга кириши тақиқланмоқда. Бугунги кунда ҳукуматимиз раҳбарлари, саломатлик посбонлари, диний уламолар ҳам ушбу сўзни кўп таъкидлашмоқда. Аллоҳ таоло каломи шарифида Аллоҳга, Пайғамбарга ва ўзимиздан бўлган раҳбарларга итоат этишни амр  қилди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا 

Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир”. Нисо, 4/59.

Мазкур оятдан Аллоҳ ва Расулига ҳамда мусулмонларни ўзларидан бўлган дин ва давлат ишидаги раҳбарларига итоат этиши вожиблиги келиб чиқади. Ҳозирда бу касалликнинг тарқалишини олиш учун фуқароларга уйда ўтириш буюрилиб, карантин чоралари кўрилмоқда. Бу буйруққа бўйсунмаслик шахсни Аллоҳ таоло олдида гуноҳкор бўлишига олиб келади. Хоссатан мазкур ҳолатда раҳбарга итоат этмасдан, карантин талабларини бузиш янада оғирроқ гуноҳдир. Муқаддас динимизда ундай кишини гуноҳи мамлакат устига душман бостириб келганда Ватанни ташлаб қочиб кетган кишининг гуноҳи билан тенглаштирилган.

  عمرو بن جابر قال سمعت جابر بن عبد الله الأنصاري يقول قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: الفار من الطاعون كالفار من الزحف والصابر فيه كالصابر في الزحف. حسن لغيره

Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Тоъун тарқалган вақтда ундан қочиб бошқа жойга кетадиган кишининг гуноҳи уруш вақтида душманга орқа ўгириб қочган кишининг гуноҳи кабидир. Ўша вақтда уйида сабр қилиб ўтирган кишининг савоби урушда қочиб кетмай сабр билан душманга қарши жанг қилган кишининг савоби кабидир”. Имом Аҳмад ривояти.

Душман бостириб келганда Ватанни ташлаб қочиб кетган кишининг гуноҳи эса еттита ҳалок қилувчи энг оғир гуноҳларнинг бири эканлиги ҳадисларда баён қилинган. Ушбу ҳадислардан бу каби оммавий тарқалувчи касалликлар юрт бошига келганда у жойни ташлаб бошқа томонга қочадиганларнинг гуноҳи ва уйда сабр қилиб ўтирганни савоби шунчалик улкан эканлигидан бу каби касалликларнинг жамиятга келтирадиган зарар кўлами ҳам нечоғлик улканлигини англаб етса бўлади.

Бу оммавий тарқалувчи касаллик ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган синовларидан биридир. Аллоҳ таоло бу ҳақда каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

 وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ 

Яъни, “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” Бақара, 2/155.

Дарҳақиқат, ҳозир биз ҳар бир кунимиз, ҳар бир дақиқамизда синов ҳолатидамиз. Бу синовнинг даражаси шу даражадаки, бугун раҳбарларимиз буйруғига итоатан зарурат бўлмаганда ташқарига чиқмай ўзимиз ва оиламиз хавфсизлиги учун уйда ўтиришимиз, карантин талабларига риоя қилишимиз савобда Ватан ҳимояси каби шарафли иш билан тенгдир. Аммо бу ишнинг аксини қилиш оқибатидан ва унинг гуноҳидан Аллоҳ сақласин! Ўз раҳбарларига итоат этмаган давлатларнинг бугунги кундаги аҳволи барчамизга маълум азизлар.  Оятнинг сўнгида мана шундай оғир синовли дамларда синов вақтларини сабр билан енгиб ўтганларга Аллоҳ таолодан хушхабар борлиги таъкидланмоқда.

Карантин сабабли уйда қолиш бекорчи бўлиб қолиш дегани эмас, албатта. Бунинг ҳам ўз ҳикмати бор. Мўмин киши бундан ҳам унумли фойдаланиб, аввало кундалик иш сабабли ўз уйидан, оиласидан узоқлашаганлар оиладаги муаммолар ва уларни ечими билан, энг аввало фарзандлари билан яқин мулоқотда бўлиб,  уларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланиши лозим. Мана шундай синовли кунларни барчамиз сабр-бардош билан бир-биримизга оқибатли бўлиб енгиб ўтмоғимизни Яратганни ўзи муяссар қилсин!

Нодир Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот  маркази илмий ходими

Киритилган вақти: 30/03/2020 13:04;   Кўрилганлиги: 3786
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/hadiths/turli-ofatlar-vaqtida-kishi-ozini-qanday-tutmogi-lozim
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 03:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг