Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

Илм ўрганиб ўргатганнинг фазли

 
 

عن أبي موسى عن النبي — صلى الله عليه وسلم – قال :إن مثل ما بعثني الله به من الهدى والعلم كمثل غيث أصاب الأرض فكانت منها طائفة قبلت الماء فأنبتت الكلأ والعشب الكثير وكانت منها أجادب أمسكت الماء فنفع الله بها الناس فشربوا منها ورعوا وسقوا وأصاب طائفة منها أخرى إنما هي قيعان لا تمسك ماء ولا تنبت كلأ فذلك مثل من فقه في دين الله فنفعه ما نفعني الله به ونفع به فعلم وعلم ومثل من لم يرفع بذلك رأسا ولم يقبل هدى الله الذي أرسلت به.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло мени ҳидоят ва илмдан иборат юборган нарсанинг мисли ерга етган ёмғир кабидир. Унимли ер борки, сувни қабул қилиб, кўп ўт-ўланни чиқаради. Яна, қуруқ ер борки, сувни тутиб қолади. Аллоҳ таоло у билан инсонларга манфаат беради. Инсонлар ундан ичишади ва экинларини ва чорваларини суғоришади. Яна, силлиқ ва сув ютмас ер бор. У на сувни тутиб қолади ва на ўт-ўлан ўстиради.

Бу нарса (биринчи ва иккинчи ўхшатиш) худди Аллоҳнинг динида фақиҳ (олим) бўлиб, инсонларга Аллоҳ таоло мен ила юборган нарсани ўрганиб, сўнг ўргатиб манфаат берган кишининг мисли кабидир. Шунингдек, (учинчи ўхшатиш) унга бош кўтармаган кишининг мисли кабидир (яъни, илмдан бош тортган киши кабидир). У Аллоҳ таолонинг мен сабабли юборган ҳидоятини қабул қилмаган кишидир”.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг балоғатли-етук инсон эканликларини кўришимиз мумкин. Том-том китоб ёзиладиган гапларни қисқа ва тушинарли қилиб сўзладилар. Аввал бошда икки ер ҳақида сўз бошладилар. Бири сувни ютиб, ўт-ўлан чиқариб, ҳаммага манфаат беради. Иккинчи ер эса, сувни ўзида сақлаб қолиб, у ҳам одамзот-у ҳайвонларга фоидаси тегади. Бу икки ерни илм ўрганиб, уни одамларга таълим берган олимларга ўхшатдилар. Озгина таъаммул қиладиган бўлсак, ушбу ҳадисдан бундан ҳам кўпроқ манфаатларни ўзимизда чиқариб олишимиз мумкин.

Ҳадис сўнгида, силлиқ ва сув ютмас ер ҳақида ҳам айтиб ўтдилар ва уни илм ўрганишдан бош тортган инсонга ўхшатдилар. У Аллоҳ таолонинг ҳидоятидан бебаҳра инсондир. Аллоҳ таоло бу инсонлар қаторидан бўлиб қолишдан асрасин!

Ушбу мақолани ўқиётган ҳар бир толиби илмдан илтимос қилиб қоламизки, қуйида айтиладиган гапларга диққат билан назар солсин!

Мадрасага ўқишга киришга Аллоҳ ҳаммамизни муяссар қилдими, шуни билиб қўяйликки, яхши ўқиб, илмига амал қилаётган талабага бу мукофотдир. Дангасалик қилиб, ҳар-хил баҳоналарни рўкач қилиб, дарсдан ортда қолиб, устозларни норизо қилиб, ҳеч нарса бўлмагандай, ҳаётдан хурсанд бўлиб юраётган талабалар катта мусибатни ўзига юклаб олишмоқда. Ушбу гапларимиз билан бу толиби илмларни илмдан тўсиб қўйиш эмас! Балким, уларни огоҳ қилиб, олдинги ишларига тавба-тазарруъ қилишликка ундаш ва устозлар эътиборини қайтадан тиклаб, яна ўқишга ихлос билан киришиши умидида ёзмоқдамиз. Аллоҳ таолодан чин қалбдан, ихлос билан сўралган нарсани У зот ҳеч зоя қилиб қўйган эмас!

اللهم علمنا ما ينفعنا وانفعنا بما علّمتنا وزدنا علما، آمين!

Ё Аллоҳ! Бизга фоидали илм бергин ва ўргатган нарсанг ила манфаат бергин ва илмимизни зиёда қилгин! Омин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ

Шайх Муҳаммад Аввоманинг “Ал-мухтор мин фароидин нуқули вал ахбор” китоби асосида тайёрлади


Киритилган вақти: 01/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2372
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/hadiths/ilm-organib-orgatganning-fazli
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 06:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг