Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 6-7-оятлари тафсири

 
 

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

“Бақара” сурасининг 6-7-оятлари тафсири

Юқоридаги оятларда Қуръон ҳидоятига сазовор бўлиш учун сабаб бўладиган тақводорлик сифатлари баён этилган бўлса, келаси оятларда уларнинг зидди бўлмиш ҳидоятдан наф олмайдиган осийларнинг сифатлари зикр қилинади:

 

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا سَوَاءٌ عَلَيْهِمْ أَأَنذَرْتَهُمْ أَمْ لَمْ تُنذِرْهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ. 6     

6. Албатта, куфр келтирганларга қўрқитасанми-қўрқитмайсанми – барибир, иймон келтирмаслар.

Яъни, қўрқитсанг ҳам, қўрқитмасанг ҳам, кофирларга фойдаси йўқ, улар барибир иймон келтирмайдилар. Чунки:

7 .خَتَمَ اللَّهُ عَلَى قُلُوبِهِمْ وَعَلَى سَمْعِهِمْ وَعَلَى أَبْصَارِهِمْ غِشَاوَةٌ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ 

7. Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир.

Кофирларнинг ўз қилғиликларига яраша, нобакорликлари жазосига Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлади, ҳидоят таъсир қилмайдиган бўлди. Қулоқларига муҳр босди, ҳидоятни эшитмайдиган бўлдилар. Кўзларига парда туширди, ҳидоят йўлини кўрмайдиган бўлдилар. Энди, қиёматда уларга улкан азоб бўлади.

Ибн Аби Ҳотим Ибн Амрдан ривоят қилишича, саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломга:

“Эй, Аллоҳнинг Расули, биз Қуръонни ўқиб бир нарсани орзу қиламиз, яна Қуръонни ўқиб ноумид бўлгандек бўламиз”, дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом:

“Сизлларга жаннат аҳли ва дўзах аҳлининг хабарини берайми?”, - дедилар. Саҳобалар:

“Ҳа”, - дедилар. Шунда у зоти бобарокат:

“Алиф, Лам, Мийм...”дан “...муфлиҳун”гача ўқидилар-да:

“Булар аҳли жаннатлар”, - дедилар. Саҳобалар:

“Биз улардан бўламиз, деган умиддамиз”, дейишди. Сўнгра Пайғамбар алайҳиссалом: “Инналлазийна кафаруу...”дан то  “азабун азийм”гача ўқидилар ва:

“Мана булар аҳли дўзахлар”, - дедилар. Саҳобалар:

“Бизлармас-а?” – дейишган эди, Пайғамбар алайҳиссалом:

“Ҳа!” – дедилар.

Бу оятларда аввал мўминларнинг, кейин кофирларнинг васфи келди, келаси оятларда учинчи тоифа бўлмиш мунофиқларнинг васфи бошланади. Мунофиқларнинг хатари улкан, чунки уларнинг ҳақиқий башаралари кўпчиликка аён эмас. Шунинг учун, Аллоҳ гапни узоқдан бошлаб, уларнинг бир неча сифатларини таъриф қилади.  

 

 (“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 04/09/2019 15:03;   Кўрилганлиги: 1406
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-6-7-oyatlari-tafsiri
Чоп этилган вақт: 29/02/2024 22:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг