“Бақара” сурасининг 33-34-оятлари тафсири
بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
قَالَ يَا آدَمُ أَنْبِئْهُمْ بِأَسْمَائِهِمْ ۖ فَلَمَّا أَنْبَأَهُمْ بِأَسْمَائِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُلْ لَكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنْتُمْ تَكْتُمُونَ(33)
- “Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер”, – деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида: “Сизларга: “Осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсаларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан», демабмидим?!” – деди.
Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат эди. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.
وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلَائِكَةِ اسْجُدُوا لِآدَمَ فَسَجَدُوا إِلَّا إِبْلِيسَ أَبَىٰ وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ (34)
- Эсла, фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!” дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
Фаришталарга сажда қилишни буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни – Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.
Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки уларнинг фитрати – табиатида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат иблис сажда қилмади. Ушбу иборадан келиб чиқиб, баъзилар: “Иблис аслида фаришталардан эди, аммо амрга итоат этмай, Одамга сажда қилмагани учун уларнинг сафидан чиқарилган”, дейишади. Аслида ундай эмас. Иблис асли жиндан бўлган, бу ҳақда оят бор. Қолаверса, Қуръони Карим оятида айтилганидек, фаришталарда Аллоҳнинг амрига исён қилиш табиати йўқ. Шундан, Аллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрган пайтда иблис ҳам ўша жойда ҳозир бўлган, деб хулоса қилсак бўлади.
Иблис билан инсон орасида душманлик шундан бошланади. Бу душманлик яхшилик вакили билан ёмонлик вакилининг курашига айланди.
“Тафсири ҳилол” китобидан
Киритилган вақти: 09/10/2019 15:36; Кўрилганлиги: 3745
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 06:55