“Бақара” сурасининг 25-ояти тафсири
بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
وَبَشِّرِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ أَنَّ لَهُمْ جَنَّٰتٍۢ تَجْرِى مِن تَحْتِهَا ٱلْأَنْهَٰرُ ۖ كُلَّمَا رُزِقُواْ مِنْهَا مِن ثَمَرَةٍۢ رِّزْقًا ۙ قَالُواْ هَٰذَا ٱلَّذِى رُزِقْنَا مِن قَبْلُ ۖ وَأُتُواْ بِهِۦ مُتَشَٰبِهًا ۖ وَلَهُمْ فِيهَآ أَزْوَٰجٌ مُّطَهَّرَةٌ ۖ وَهُمْ فِيهَا خَٰلِدُونَ (25)
- Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга улар учун остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг хушхабарини бер. Ҳар гал уларнинг мевасидан ризқлантирилганларида: «Аввал ҳам бундан ризқлантирилган эдик», – дерлар. (У) уларга ўхшаш қилиб берилгандир. Уларга у ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда мангу қолувчидирлар.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат – суюнчилик хабар беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни Аллоҳга, пайғамбарга, Қуръонга ва иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.
Аҳли жаннат фақат жаннатга кириш билан кифояланиб қолмайдилар, балки у ерда турли ноз-неъматларга сазовор бўладилар. Жумладан:
“Ҳар гал уларнинг мевасидан ризқлантирилганларида: «Аввал ҳам бундан ризқлантирилган эдик», – дерлар. (У) уларга ўхшаш қилиб берилгандир”.
Яъни уларга бу дунёда баҳраманд бўлган меваларига ўхшаш мевалар берилгандир. Аммо бу ўхшашлик фақат исм ва шаклдадир. Жаннат меваларининг таъми эса бошқа. Шаклининг ўхшашлиги шунинг учунки, банда бу дунёда тотиб юрган лаззатли неъматни жаннатда ҳам кўрса, севинади. Таъмини тотганда эса кутганидан ҳам лаззатлироқ экани аён бўлади.
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
“Жаннатдаги нарсаларнинг бирортаси бу дунёникига ўхшамайди, фақат исми ўхшаши мумкин”, – деганлар.
Яна
“Уларга у ерда покиза жуфтлар бор…”
Ҳар жиҳатдан покиза жуфтлар бордир. Чунки жаннат ҳурлари алоҳида яратилгандир. Ушбу неъматларнинг лаззати ва ҳузурбахшлигининг зиёдалиги уларнинг бардавомлигида ҳамдир. Шунинг учун ҳам оятда айтилганидек:
“…ва улар у ерда мангу қолувчидирлар”.
Ўтган оятларда Аллоҳ таоло мунофиқ ва кофирларнинг ҳақиқий ҳолини баён қилиш учун олов ёққан одамни ва ёмғирда қолган одамни зарбулмасал қилиб келтирди. Шунингдек, бошқа сура ва оятларда ҳам ушбу услубни ишлатиб, жумладан, ўргимчакни ва пашшани мисол қилади. Кофир ва мунофиқлар бундай мисол келтиришдан ҳам бир нуқсон топмоқчи бўлишади. Қуръон борлиқни яратган Аллоҳнинг каломи бўла туриб, унда пашша, ўргимчак каби, улар назарида арзимас туюлган жонзотларнинг зикр этилиши истеҳзоларига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Оқибатда улар турли гап-сўзлар тарқатишган. Жумладан, “Аллоҳ бу мисолни келтиришдан нимани ирода қилади?” – дея бошлашган.
(“Тафсири Ҳилол” китобидан)
Давоми бор...
Киритилган вақти: 20/09/2019 16:59; Кўрилганлиги: 1783
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 22:16