Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигини фазилати

 
 

Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ёғиладиган тоат-ибодат мавсумларидан бири Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир. Бу муборак кунлар ҳар бир мўмин-мусулмон учун янада кўпроқ солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳга янада яқинлашиш учун бир фурсатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бу кунларнинг дунёдаги энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё, Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам-ми?” деб сўралди. У зот: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш ҳам дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун ибодат қилинишга Зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Термизий, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Шунингдек, Арафа куни рўза тутиш мустаҳаб амаллардандир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саҳобийлар бу ҳақда сўраганларида бундай деганлар: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Муслим ривояти).

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида мўмин-мусулмонлар солиҳ амалларга бошқа ойлардан кўра кўпроқ тарғиб қилинганларининг ҳикмати ундаги амаллар Аллоҳ учун янада севимлироқ бўлганидир. Нима сабаб бу ойдаги амаллар Аллоҳга маҳбуброқ? Бу ойнинг аввалги ўн кунларида ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Эҳтимол, шу сабаб бу кунларда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлса.

манба: muslim.uz


Киритилган вақти: 22/08/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2220
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/zulhijja-oyining-birinchi-on-kunligini-fazilati
Чоп этилган вақт: 25/06/2021 18:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг