Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ЗИРОАТ ҲАМ ИБОДАТДИР

 
 

Ҳар йил баҳор келиши билан далаларда иш қизигандан қизийди. Офтоб қизитиб, нами бироз кўтарилган, етилиб қолган ерлар томон бободеҳқонлар ёмғир ёғиб қолмасин деган ҳадикда, меҳнат қуролларини олган ҳолда шошиладилар.
Қиши билан авайлаб-асраган уруғларни она замин кўксига қадайдилар, устидан майин тупроқ тортиб, Яратгандан бу йилги ҳосилга барака беришини сўраб қўлларини дуога кўтарадилар.
Маълумки, деҳқончилик серманфаат, инсонларнинг эҳтиёжи тушадиган бирламчи касблардан биридир. Унинг билан кишилар кундалик эҳтиёжларини қондирадилар, киядиган кийимларидан тортиб, ейдиган овқатларигача, ўтирадиган кўрпачаларидан тортиб, ётадиган тўшакларигача ҳамма-ҳаммаси ердан олинган ҳосилга алоқадор. Ҳаттоки чорвалар ҳам деҳқонлар етиштирган маҳсулотга умид боғлайдилар.
Уламолар қайси касб афзаллиги борасида турли фикрларни билдирганлар. Баъзилари зироат афзал деган бўлсалар, яна баъзилар эса қўл меҳнати, яъни ҳунармандчилик афзал деб айтганлар. Бошқалари эса тижоратни афзал кўрганлар. Имом Мовардий:
"Касбларнинг асллари зироат, тижорат ва ҳунармандчиликдир. Уларнинг яхшиси зироатдир. Негаки у таваккулга яқин", деган.
Имом Нававий айтади: "Тўғриси шуки, касбнинг покизароғи қўл меҳнати билан бўлганидир. Деҳқончилик айни қўл меҳнати бўлиб, касбларнинг покизасидир. Унда таваккул бор, унда инсонлар ва ҳайвонларга умумий фойда бор".
Ислом динида зироатга алоҳида эҳтимом билан ёндашилган. Қуръони каримда дарахт сўзи бирлик шаклда 19 маротаба кўплик шаклда эса 6 маротаба зикр этилган. "Заръ" (экиш, ўтқазиш, парвариш қилиш, ишлов бериш, ўсимлик) сўзи ва унинг иштиқоқлари 13 ўринда келтирилган. Каломи шарифда фақат биринчи даражали нарсалар келтирилганини эътиборга олсак, зироатнинг нечоғли аҳамиятли эканини билиб оламиз. Мисол тариқасида биргина оятни келтириб ўтиш кифоя даражасида бўлади:

وَهُوَ الَّذِي أَنْشَأَ جَنَّاتٍ مَعْرُوشَاتٍ وَغَيْرَ مَعْرُوشَاتٍ وَالنَّخْلَ وَالزَّرْعَ مُخْتَلِفًا أُكُلُهُ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُتَشَابِهًا وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ كُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган(узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда)ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини)берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди. (Анъом,141).
Шариатда дарахтга шундай эҳтимом кўрсатилганки, ҳатто қиёмат куни солиҳ амалларга бериладиган мукофот айтилганида ҳам дарахтга эътибор қаратилган.
Дарахт гўзал ва сернаф бўлгани сабабидан мўминнинг баъзи хайрли ишларининг мукофоти эвазига дарахтлар ҳадя этилиши айтилган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
"Ким: "Субҳаноллуҳи ва биҳамдиҳи", деса, унинг учун жаннатга хурмо ўтқазилади". Бошқа бир ривоятда "дарахт" дейилган.
Деҳқончиликнинг фазилатларидан яна бири кишини ўзгаларга гина-кудурат қилишдан машғул қилиб қўяди, деҳқоннинг бундай ишларга вақти бўлмайди, инсонларнинг айбу нуқсонларини ахтаришдан сақлайди, турли гап-сўзларидан узоқда тутади. Имом Шавконий тафсирларида шундай деганлар: "Зироат билан шуғулланиб, инсонлардан беҳожат бўлиш билан киши буюк қурбатни ҳосил қилади. Шунинг билан бирга деҳқончилик инсонларга ўралашиб қолишдан ҳимоя этади".
Кўчатнинг мевасидан ва уруғнинг ҳосилидан уларнинг соҳибига ажр борлигини кўплаб уламоларимиз айтиб ўтганлар. Бу иккиси ҳосил беришда дамом этар экан, эккан кишига ҳам савоб бардавом бориб туради. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: "Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлур", дедилар".
Деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланадиган киши даставвал бу ишда моҳир бўлиши, унинг илмини пухта ўзлаштириши керак. Шунинг билан бирга нийятини ҳам гўзал қилиши, бу иши билан ўзгаларнинг мушкулини осон қилишни, эҳтиёжини қондиришни мақсад қилмоғи лозим. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Банда дўстининг кўмагида экан, Аллоҳ унинг кўмакчисидир", деганлар.
Деҳқону боғдорлар гўзал ният ва ихлос билан меҳнат қилар эканлар, устиларидан баракалар ёғилади, яхшиликлар мўл-кўл бўлиб келади. Чунки унинг манфаати деҳқоннинг ўзига, барча инсонларга, ҳаттоки, қушлар, ҳайвонлар ва ҳашоротларга ҳам доимий етиб туради. Шоир Мирзо Кенжабек айтганидек:
Бутун борлиқ, наботот ҳам Яратганга этар тасбиҳ,
Бобо деҳқон экиб юрса, зироат ҳам ибодатдир.


Киритилган вақти: 28/04/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2576
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ziroat-ham-ibodatdir
Чоп этилган вақт: 25/06/2021 17:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг