Закот нима?
“Закот” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашгани учун нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.
Шаръий истилоҳда “Закот – махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир”. Энди ушбу умумий таърифдаги истилоҳлар билан танишиб олайлик. “Махсус мол” – нисобга етган мол демакдир. “Махсус жуз” – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдордир. Мисол учун, бир кишига “Ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот”, деб бўлмайди. “Махсус шахс” деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган. “Аллоҳнинг розилиги учун” жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади. “Шариат тайин қилган” деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилади. Озгина садақа бериб, “шу закот” деб бўлмайди. “Мулк қилиб бериш” деган жумладан эса “ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди” деган маъно англанади. Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот Мадинаи Мунавварада ҳижрий иккинчи санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закотнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади. Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан фарз бўлган. Мусулмонлар барча асрлар ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган. Қуръони Каримда закотнинг фарзлиги ва унинг фазилатлари ҳақида бир неча ояти карималар нозил бўлган. Қуръони Каримда “закот” сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида у намоз билан бирга зикр қилинган. “Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, батаҳқиқ, зиммангдаги(бурч)ни бажарибсан”, дедилар”. Термизий ривояти “Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади, у уч марта тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса – қилди, акс ҳолда унга нисбатан «муртад» деган ҳукм чиқарилади. Исломга янги киргани туфайли ёки чет жойларда жоҳил бўлиб ўсгани учун закотнинг фарзлигини инкор қилган одамга эса тушунтирилади ва ўргатилади, дарҳол кофир деб ҳукм қилинмайди”. Нима учун закот Исломда учинчи рукн деб эълон қилинган? Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида нима учун закотга алоҳида эътибор берилган? Закотни инкор қилган одам нима учун кофир бўлади? Мол-мулк ва молиявий алоқалар инсонлар ҳаётида, хусусан, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутишини ҳеч ким инкор қила олмайди. Қай бир шахс, қай бир жамият молиявий масалани тўғри ҳал этса, катта муваффақиятга эришиши аниқ. Шунинг учун ҳам бу масала ҳамиша кўпчиликни ўйлантириб келган ва келаётир. Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти билан иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини – Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисоднинг асоси қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий муаммолар ўз ечимини осонгина топган бўларди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблари асосида Самрқанд шаҳар “Руҳобод” масжиди имом-хатиби Тўлқин АМИРОВ тайёрлади.
Киритилган вақти: 20/04/2020 10:16; Кўрилганлиги: 1401
Чоп этилган вақт: 20/05/2025 13:49