Ёшлар тарбияси масулятли бурч
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига мумофиқ киши вафотидан кейин ҳам унинг номаи аъмолига бориб турадиган савоб амаллардан бири ўзидан солиҳ фарзанд қолдиришдир. Инсон солиҳ фарзанд қолириш учун аввало ўзи тўғри йўлда бўлмоғи ва бўлажак фарданди учун солиҳа она бўла оладиган жуфти ҳалол танламоғи ва танлаган аёлини яхши тарбия қилмоғи фарзанди учун тарбиянинг биринчи босқичлари бўлади десак хато қилмаган бўламиз.
Халқимиз “қазисан, қартасан асл наслингга тортасан” ёки “от отадан, алп онадан” деб бежизга айтишмаган. Бу мақолларни маъносига этибор берадиган бўлсак, киши ҳар қанча уринмасин ўзидан ортиқ фанзанд тарбия қила олмайди. Яъни, алп ўғлонларни ва сулув қизларни тарбия қилиш бу биринчи онага кейин отага боғлиқдир. Биз ўзимиз қилмаган ишимизни фарзандимиздан талаб қилишимиз тўғри иш бўлмайди, аниқроғи нафи бўлмайди. Фарзандимиз учун яхши она танлаганимиздан кейин оиланинг луқмасини ҳалол қилиш оталарнинг вазифаси. Имом Бухорий ҳазратларининг оталари “фарзандларимга ҳаром ва шубҳали нарсаларни едирмадим” деган эканлар. Солиҳ ва солиҳаларни тарбиялаш биз учун осон иш эмас. Бу учун ўзимизни яхшилаб тарбия қилиб олмоғимиз лозим бўлади.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб–ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир”. (Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисларида “Ҳар бир инсон ислом фитратида тўғилади. Уни яҳудий, насроний ва мажусий қиладиган ота-онасидир” деганлар. Бундан кўриниб турибдики фарзандимизнинг ким бўлиб вояга етиши биз ота-оналарга боғлиқдир.
Аллоҳ Таоло инсонларга тарбия бериш ва кундалик ҳаётда қилишимиз керак бўладиган ишларни белгилаб бериш учун ўзимиздан пайғамбарларни чиқарди. Одам фарзандлари ҳидоят топишлари учун пайғамбарларга ваҳийлар юборди. Биринчи бўлиб пайғамбарлар Аллоҳнинг буйруқларини ўзлари бажариб ундан кейин инсонларга ўргатдилар. Худди шундай биз ҳам ўзимиз ёмон бўлиб, болаларимиздан яхшилик кутишимиз дуруст эмас.
Ёш авлодни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим–тарбияли инсонлар бўлиб вояга етишлари давлат миқёсидаги долзарб масала даражасига кўтарилди. Ёшлар салоҳиятли, одобли, ота–онаси, оиласи, ватанига, дини ва халқига муносиб хизмат қиладиган комил инсон бўлиб улғайишлари учун биринчи навбатта оиладаги тарбия жуда муҳимдир. Иккинчи навбатда эса мактабдаги таълим-тарбия, учинчиси маҳалла ва жамиятдаги таълим-тарбия орқали уларнинг тарбияси шаклланади. Ёшларда ҳозирги оммавий маданият каби тушунчаларнинг салбий томонларини тушунтириб беришимиз ва уларни тарбиясини издан чиқарувчи, маънавиятни кемирувчи, ҳар қандай ёт таъсирлардан ҳимоя қилиб, дунёда кечаётган ахборот таҳдидига қарши соғлом иммунитетни шакллантириш, огоҳликни бир лаҳза ҳам қўлдан бой бермаслик-бугунги кунимизнинг асосий талаби бўлмоғи керак.
Усмонов Хазратқул Каттақўрғон туман “Болтабек” жоме масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 15/04/2020 15:03; Кўрилганлиги: 1124
Чоп этилган вақт: 21/06/2025 21:31