ХАЛҚ ХИЗМАТИ ОЛИЙ ШАРАФ
Маълумки, дунё яралибдики, Аллоҳ таоло унинг барча давр ва замонида турли-туман ўзгаришларни вужудга келтиради. Албатта, бу ҳолатлар У зотнинг коинот ва борлиқни бошқариб турганлиги ва унинг ичидаги барча нарсалар унинг амри фармонида эканига далолат этади.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни қудрат қўли билан яратиб, ўзигагина ибодат этиб, фақат унигина тасдиқ этадиган қилди. Ва у зотдан то қиёматгача насл давом этиш хукмини жорий қилди.
Барча пайғамбарларга ердаги инсониятни ҳидоят этиш ва уларга эргашганларни яхши ва ёмон кунларида ҳамроҳ бўлишга чақирди. Булардан ушбу кўрсатма биз инсониятга туганмас мерос ўлароқ панду-насиҳатга айланди. Илк бор таъбир жоиз бўлса Аллоҳ таоло ерни обод бўлиши учун ўзи намунали хизмат қилиб берди. Унда ҳазрати инсонни бемалол, шоду-хандон яшаши учун ўзга мавжудотларни унинг хизматига чорлаб қўйди. Ва бу билан инсонга ушбу омонатларни асраб авайлаш мақсадида умумий қилиб Қуръони каримида кўрсатма берди.
وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا
Маъноси: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”.
Биз турган курраи-замин Аллоҳ таоло томонидан яшашга яроқли қилиб берилди. Бу омонатларни асраб авайлашга инсонларни турли-туман вазифалар билан хизмат қилишга лойиқ қилди. Хусусан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам оила ва жамият учун қайғурадиган кишиларни дунё ва охиратда даражалари юқори бўлишини билдириб ўтдилар. Шулардан бирига киши дунёдан охират остонасига қадам ташлаган вақтида гувоҳи бўламиз
وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اَللَّهُ عَنْهُمَا: سَمِعْتُ اَلنَّبِيَّ - صلى الله عليه وسلم - يَقُولُ: مَا مِنْ رَجُلٍ مُسْلِمٍ يَمُوتُ, فَيَقُومُ عَلَى جَنَازَتِهِ أَرْبَعُونَ رَجُلًا, لَا يُشْرِكُونَ بِاَللَّهِ شَيْئًا, إِلَّا شَفَّعَهُمْ اَللَّهُ فِيهِ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Мен Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим. У зот айтдилар: “Қай бир мусулмон киши вафот этса, унинг жанозасида Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмайдиган қирқ (эркак) киши иштирок этса, Аллоҳ таоло уларни шафоатига олади”.
Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам жамиятдан узилган инсонни сўнги манзилига кузатишда хизмат қилган кишини ибодатда бўлиши билан бирга Аллоҳ таоло уни шафоатига олишини ҳам билдириб ўтдилар.
Жамиятнинг ривожи ва яшаб турган халқнинг хизматида жонбозлик қиладиган кишиларга бериладиган фазилатлар бундан-да зиёда эканлиги маълумдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шахс ва жамиятга маънавий ва моддий ёрдам берган ёки ушбу ишга ундаган кишиларни энг яхши кишилар ўрнидан жой олишини айтиб ўтганлар.
خيركم من أطعم الطعام
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг яхшиларингиз (инсонларни) таомлантирганидир”.
وَعَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَنْ دَلَّ عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ . أَخْرَجَهُ مُسْلِمٌ
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки (ўзгаларни) бир яхшиликка далолат қилса, (далолат қилувчига ҳам) бажарувчи ажри мислича (савоб) бор”.
Халқимизнинг ўзи учун шиор қилиб олган ҳикматли сўзи бор. У ҳам бўлса, касални даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқдир. Ҳақиқатан, инсон кўплаб яхшилик ва эмин эркинликларга йиллар давомида эришади. Уни қисқа муддатда кўз очиб юмгунча йўқолиши тажрибаларда кузатилган. Бундан келиб чиқадики, неъматларга эришишга қарши чиқадиган нарсаларни бартараф этиш лозим. Ва бундай ишларда камарбаста бўлган кишиларни сарвари коинот энг яхши ва сара кишилар қаторида санаганлар.
فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم خيركم الدافع عن قومه ما لم يأثم
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларни яхшиларингиз ўз қавми (халқи)ни модомики гуноҳ бўлмаган нарсаларда ҳам ҳимоя қилувчидир”.
من أطفى عن مؤمن سيئة كان خيرا ممن أحيا موؤدة.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки бир мўминдан ёмонликни аритса, у(нинг савоби) тириклай кўмилган қизлар[1]ни тирилтиргандан кўра яхшироқдир”.
Маълумки, ҳар бир жамиятнинг ўз урф-одати ва қадриятлари мавжуд. Ислом динини ҳам асрлар давомида Аллоҳ таоло ва Расули томонидан буюрилган кўрсатма ва қадриятлари бор. Бунинг савобини буюклиги ва уммат унга амал қилгани учун унинг савоби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламгача етиб бориши ҳақида шундай марҳамат қиладилар:
حَسَّانُ بْنُ عَطِيَّةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ قَالَ « أَنَا أَعْظَمُكُمْ أَجْراً يَوْمَ الْقِيَامَةِ لأَنَّ لِى أَجْرِى وَمِثْلَ أَجْرِ مَنِ اتَّبَعَنِى »
Хассон ибн Атия розияллоҳу анҳ айадилар: “Албатта, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен қиёмат кунида сизларни энг ажри улуғиман. Чунки, менга (ўзимни) ажрим ва менга эргашганларнинг мислича ажр бор”.
Ислом дини аҳкомларининг баъзилари равшан баён этилган бўлса, баъзилари баён этилмаган. Зикр қилинмаган амалларнинг баъзилари ҳозирга келиб, халқнинг гўзал одати ва умматнинг ўзаро бир-бири билан меҳр-оқибат риштаси бўлишгача айланган. Албатта, бу ҳолда одат тусига кирган амаллар шариат қайтармаган бўлиши керак. Бундай амалларни бажариб, ўзга кишиларга унга амал қилиш далолатини қолдирган киши учун ҳам манфаати борлиги ҳақида муҳаддислар бир неча ҳадисларни далил қиладилар. Шулардан,
مَنْ سَنَّ سُنَّةً حَسَنَةً فَعَمِلَ بِهَا مَنْ بَعْدَهُ كَانَ لَهُ أَجْرُهَا وَأَجْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنْ بَعْدِهِ لَا يُنْتَقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки бир яхши амални жорий қилса ва ундан кейинги кишилар унга амал қилса, у учун унинг ажри ва ўзидан кейингиларнинг ажриларидан бирор-бир нарса камайтирилмаган ажр бор”.
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, киши жамиятга бош бўлиб, уларга бир яхши амални одатга айлантирса, шу одат йўқ бўлиб кетгунча, аввалда жорий қилган кишига ҳам савоб бориб туради.
Яхшиликда бардавом бўлган кишидан инсонлар, ҳамда хоссатан, Аллоҳ таолонинг ўзи рози эканлиги кўплаб ҳадиси шариф ва ҳикматларда келади. Ҳатто бу сифатга эга бўлган кишилар инсонларнинг раҳматига боғланиб қолмай, жамиятга яхшилик уруғини ёйишга ҳаракатда бўладилар. Уларнинг ўйи-фикрлари айтиб ўтилганидек, фақат инсонларга ёрдам кўрсатиш бўлади.
Бу ҳақда пур-маъно бир неча хикматларда шундай дейилади:
ما من حافظين رفعا إلى الله تعالى ما حفظا فيرى الله في أول الصحيفة خيرا وفي آخرها خيرا إلا قال الله تعالى لملائكته: اشهدوا أني قد غفرت لعبدي ما بين طرفي الصحيفة.
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Икки фаришта Алллоҳ таолога ёзган нарсаларни олиб чиқадилар. Аллоҳ аввалги саҳифада ва охиргисида яхшилик кўриб, фаришталарига айтади: “(Эй фаришталар!) гувоҳ бўлинглар!, Албатта, мен бандамнинг (номаи аъмол) саҳифасини (боши ва охир) тарафидаги барча нарсани кечирдим”.
من استفتح أول نهاره بخير وختمه بالخير قال الله لملائكته: لا تكتبوا عليه ما بين ذلك من الذنوب.
Абдуллоҳ ибн Яср розиялллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки куннинг аввалини яхши(амал) билан бошлаб, яхши (амал) билан тугатса, Аллоҳ таоло фаришталарига айтади: “Уни гуноҳ амалларини ёзманглар”.
Барча Ислом динига оид манбаларда қиёмат куни ва унда инсон кўзи кўрмаган ҳолат рўй бериши таъкидланади. Албатта, бу куннинг ёмонлигидан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам намозлари сўнгидан паноҳ тилар ва дуо ва илтижо қилиш тарбиясини берганлар. Бироқ шу куннинг даҳшатидан омонда бўладиган кишиларни ҳам бирма-бир санаб ўтганлар. Бу пайтда шоду-хандон бўладиганлар бахтли киши экани айни ҳақиқатдир. Шулар жумласига номаълум бирор-бир мўминни дилига хушнудлик киритган киши ҳам киради.
من أقر بعين مؤمن أقر الله بعينه يوم القيامة.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳ алайҳ айтадилар: “Кимки мўмин кишини кўзини шодон қилса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг кўзига шодонлик киргизади”.
Саййидимиз сарвари коинотнинг гўзал хулқларидан бири доимо ўзгалар ташвиши У зотнинг ташвишлари эди. Ҳатто, бева аёллар ҳақларини ўртасида муҳокама учун етаклаб келишарди. Айниқса, хонадонларига келган сўровчилар ҳеч қуруқ қайтиб кетмасди. Ҳатто, саҳобаларни шу сифатда бўлишга тарғиб қилар ва бу сифатга эга бўлганларга жаннат башоратини берардилар.
يا أسيد! أتحب الجنة؟ قال: نعم، أحب لأخيك ما تحب لنفسك.
Язийд ибн Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Усайд! Жаннатни яхши кўрасанми?. У зот “Ҳа”, дедилар. “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “(ундай бўлса) ўзинга яхши кўрган нарсани дўстинг учун ҳам яхши кўр”.
من ألطف مؤمنا أو خف له في شيء من حوائجه صغر أو كبر كان حقا على الله أن يخدمه من خدم الجنة.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки бир мўминга илтифот қилса ёки унинг кичик ёки катта хожатларидан бирортасини аритса, Аллоҳ таолога жаннат ходимларидан унга хизмат қилдириши ҳақ бўлиб қолади”.
من أنصف الناس من نفسه ظفر بالجنة العالية، ومن كان الفقر أحب إليه من الغنى؛ فلو اجتهد عباد الحرمين أن يدركوا ما أعطي ما أدركوا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки, инсонларга холис бўлса, Олий жаннат ила зафар топади. Кимга бойликдан кўра фақирлик унга маҳбуброқ бўлса, икки Ҳарамдаги ибодатчилар (у топган ажрни) топишга харакат қилсалар ҳам эриша олмайдилар”.
Жамият ва халқнинг ташвиши ва унинг ривожи учун ҳаракатда бўлганлар Ҳарами шарифдаги ибодатгўй кишиларнинг амалларидан ҳам савобли амал эканини ушбу ҳадисда уқтириб ўтдилар.
Хулоса қилиб айтганда, кишининг барча хайрли амали савобсиз қолмаслиги ва элу-юртнинг хизматидаги инсон Ислом дини томонидан ўта қадрланиши юқоридаги бир неча ҳадис шариф ва ҳикматлардан маълумдир. Усулий алломаларни якдил сўзлари шуки, жамият табақасидаги масъул шахслар ҳар бир сўзу-амалларининг жавобгарликлари катта экан, унинг охиратдаги даражаси ҳам шу кабидир.
[1] Бу ҳолат жоҳилия даври одатларидан ҳисобланган. Улар қиз фарзандни тарбиялашни ўзларига ор санаганлар.
Киритилган вақти: 07/12/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3032
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 22:54