Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ВАТАН УЧУН ЖОН ФИДО

 
 

Аллоҳ таоло Одам ато ва Момо Ҳаввони яратди ва улардан дунёга келган зурриётларини ерда турли миллат ва элатларга бўлиб қўйди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифини Ҳужурот сураси 13-оятида шундай марҳамат қилади:

"Эй, инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир".

Шундай экан, инсон фарзанди қаерда, қайси юртда дунёга келса ана ўша жой унга қадрли ватан ва киндик қони тўкилган жой унинг учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли маскан бўлиб қолади. Бунга мисол қилиб Расулуллоҳ (с.а.в.)ни Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб, шундай деганларни келтириш мумкин:

"Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим". Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш инсониятда бўлган бир гўзал туйғу экан.

Ҳадиси шарифда эса бундай деб марҳамат қилинган:
“Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи нафл рўза тутиб, кечаси нафл ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру - савоб мукофоти бўлади ва олий мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.

Бу ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, ҳар бир инсон ўз жонини, молини, динини, оиласини, маҳалласини ва юртини жон-жаҳди билин ҳимоя қиладиган бўлса, шу ҳаёти дунёда ҳам ва охират дунёсида ҳам улуғ-улуғ мартабаларга эришиши ҳақиқат экан.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг беҳисоб лутфи ва марҳамати ила жонажон диёримизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Юртимиз янада гуллаб яшнаб, тараққий топмоқда. Унинг ёш авлодлри камолотга эришиб, халқи янада фаровон яшамоқда.

Муборак истиқлол бизга инъом этган ютуқ ва муваффақиятлар асосида мамлакатимиздаги осудалик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик янада мустаҳкамланмоқда.

Маълумки, мустақиллигимиз эълон қилинган йилларданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди.

1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим тадбирга қўл урилди. Республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур ҳужжат армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига йўл очди.

1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда “ Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни асраш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор. Юртбошимиз раҳбарлиги остида мамлакатимизда тезкор ва ихчам, замонавий қурол - яроғ ва техника билан таъминланган, жанговор тайёргарликка эга миллий армия барпо этиш мақсадида кенг кўламда ишлар амалга оширилди.

Қўлга киритилган бундай улкан моддий ва маънавий бойликни қадрлай билиш, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчидир.

Демак, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида бирдам бўлиб ҳаракат қилиши муҳимдир. Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва юрти олдидаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши зарурдир.

Мутафаккир олимлардан бириВатанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”,- деган экан.

Шундай экан, ҳар бир инсон ватан равнақи учун соҳаси доирасида ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган, Ватанимиз қуролли кучлари сафида хизмат қилаётган барча ҳарбий акаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, диёримизни тинчлигини барқарор ва мустақиллигимизни абадий бўлишини насиб қилсин.

Ҳасанхон Темиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси


Киритилган вақти: 08/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3179
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/vatan-uchun-jon-fido
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 14:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг