Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ватан ҳисси

 
 

Ватан - бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир. Уни ҳимоя қилиш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмонга ҳам фарз, ҳам қарздир. Динимиз Ватанни ҳимоя қилиш барчага баробар буюрилган амал, деб белгилаб қўйган.
Ватанни ҳимоя қилиш буюк саодат, улуғ савоб бўлса, унга хиёнат шу қадар катта гуноҳ, энг олий жиноятдир. Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан поспонлик қилган кўз эгаси дўзах оташида куймайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:” Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмайди. Бири Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида (Ватани сарҳадларида) пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти). Ватанга бўлган муҳаббатнинг тақозоларидан бири эса унда қариндош-уруғлар билан алоқани мустаҳкамлаш, мискин ва бева-бечораларига ёрдам қўлини чўзишдан иборатдир. Ҳукамолар айтади: “Учта хислат тирик мавжудотларда топилади. Туя манзили узоқ бўлса ҳам ўз маконига муштоқ бўлади. Қуш иниси қурғоқ жойда бўлса ҳам унга талпинади. Инсон ўзга жойда манфаати кўп бўлса, ҳам ватанига ошиқади”.

Ватанга бўлган муҳаббат ҳақида гап кетганда беихтиёр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратга чиқишга мажбур бўлган ҳолатлари кўз олдимизда гавдаланади... Ана, Макка аҳлини дину-диёнат, маърифат, адолатга чорлаб, эвазига турли ҳақорат ва бўхтонларга дучор бўлган Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз туғилиб ўсган юртлари, ҳавоси ва суви ила тўйинган диёрни тарк этиб, изни илоҳий ила Мадина сари қадам ташламоқдалар. Қалбда маҳзунлик, кўзда жиққа ёш, оҳиста қадамлар билан кетар эканлар “ватан, ватан” сўзини бот такрорлар эдилар. Маккадан узоқлашиб, “Жухфа” деб аталадиган водийга етганларида муборак бошларини ердан оҳиста кўтариб Мадинаи мунаввара томон боқдилар. У зотга Жаброил алайҳиссалом: “Эй Муҳаммад! туғилиб ўсган маконингизга талпиняпсизми, унга муштоқмисиз?”, дедилар. У зот: “ҳа, шундай”, дедилар... Мана, ватанга бўлган муҳаббат! Мана буни туғилиб ўсган жойни ҳали тўла тарк этиб улгурмай соғиниш дейдилар. Ватанга бўлган муҳаббат комил иймон белгиси эканига бундан ёрқин далил бўлмаса керак. Яратган барчамизни ватанда айро тушишдек мусибатдан Ўзи сақласин. Иймонимизни саломат, юртга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда қилсин.


Киритилган вақти: 12/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3046
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/vatan-hissi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 17:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг