Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ватан ҳимояси олий шараф

 
 

Ватанни севиш, уни ҳимоя қилиш муқаддас бурч ва олий шарафдир. Тинч, осуда, обод ва гўзал ватанда истиқомат қилмоқдамиз. Бунинг учун Яратганга қанча шукрлар айтсак оз. Аслида, Ватанга бўлган муҳаббат унинг гўзал ва виқорли тоғлари, шарқироқ сойлари, бой водийлари, сўлим боғлари, шириндан шакар мевалари, шифобахш ўсимликларию, зилол булоқлари учун эмас, балки, ватан севгиси инсоннинг табиатига сингдирилгани, фитратида бор хислатлардан эканлигидандир. Агар ватанга бўлган муҳаббат, ташқи гўзалликлар, қандайдир қулайликлар ёки моддий омилларга боғлиқ бўлганида, боғ-роғ, сой ва анҳорлардан холи чўлу биёбонларда яшаётган саҳро аҳли теп-текис қумликлардан иборат масканларини севмас эдилар.

Муқаддас Ислом дини таълимотида ватан муҳаббати ардоқланади, тарғиб қилинади, мақталади. Ватанга хизмат қилиш, уни душманлардан асраш фарз ҳисобланади ҳамда унга хиёнат қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади ва қаттиқ жазоланади. Ватан ҳимояси ва халқ омонлиги йўлида душманга қарши курашда сафни ташлаб қочиш ҳам катта гуноҳдир. Машҳур ватандошимиз имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг қаламига мансуб «Ал-Адаб ал-Муфрад» асарида келтирилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қилган тўққиз васиятларининг орасида Душман билан тўқнашилганда орқангга қараб қочма. Агар ҳалок бўлсанг ҳам, шерикларинг қочиб кетса ҳам” – деган ўгитлари бор эди.

Ватан ҳимояси фақат жанг майдонларида эмас, балки барча соҳа ва йўналишларда ҳам намоён бўлиши мумкин. Ҳар жабҳада Ватан эришган муваффақиятлардан қувонч, муваффақиятсизликлардан қайғу ҳиссини туюш, Ватан билан ғурурланиш, унинг ҳар бир қарич ерига, биносининг ҳар бир ғиштига, қадимий обидаларига, илм-фан ва санъатдаги ютуқларига меҳр билан қараш, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш булар ҳаммаси ватанпарварликдир.

Бу диннинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанни севишда, унга садоқат кўрсатишда ҳам бутун умматга гўзал ўрнак эдилар. У зот бошқа инсонлардан фарқли равишда ўзларига хос амаллари бўлиши табиийдир. Ана ўша амалларидан кечани ибодат билан бедор ўтказиш ва улаб рўза тутишдир. Кечасидаги намозни одамлар олдига чиқмай қўйиб тўхтатдилар. Улаб рўза тутишни эса саҳобалар ўшандай рўза тутишга ҳаракат қилганларидан кейин ман этиб қўйдилар. Мақсадлари саҳобалар соғлом ва қувватли юришлари эди. Чунки Ислом намоз ва рўзани ўзи эмаски, у билан тугаса. Балки рўзғор иши ва ватан ҳимояси каби кўплаб ишлар бор. Ёш авлод кучли-бақувват бўлиб, душманларига хавф соладиган даражада бўлиши лозим эди.

Имом Бухорий ва имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақасини ўтказаётан асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: “Эй Бани Исмоиллар! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бани Фулон биланман!” дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?” дедилар. Улар:
“Сиз улар билан бўлсангиз, қандай ҳам отар эдик?!” дейишди. Шунда у зот:
Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!” дедилар”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўзининг тирандозлик – камондан ўқ отиш фазилатига бағишланган “Рисолайи тийр андохтан” рисоласида камондан ўқ узишнинг қанчалик савобли амал эканини асослашга эътибор қаратилган. Чунки ўрта асрларда юрт ҳимояси аскарларнинг фидойи ва жасурлиги ҳамда бевосита қуролларни, айниқса, камонни маҳорат билан ишлата билиши билан таъминланган. Шоир “Садди Искандарий” дос­тонида ватан ҳимояси ҳақида шундай деган эди:

Аёнким, Ватан узра то жони бор,

Киши ҳарб этар токи имкони бор...

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама...

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!


Киритилган вақти: 14/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2699
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/vatan-himoyasi-oliy-sharaf
Чоп этилган вақт: 18/09/2021 04:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг