Вақтнинг бир кунлик қадри!
Аллоҳ таоло бу дунёни яратиб, умримизни режалаштиришимиз учун кеча ва кундуз қилиб қўйди. Қурони каримда: “Ва кечасини либос қилдик ва кундузини тирикчилик вақти қилдик” (Наба сураси10-11 оят), демоқлик билан, куннинг ҳар икки қисмидан ўз ўрнида, оқилона фойдаланиш лозимлигини уқтирди.
Маъқал Ибн Ясордан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллолоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Ҳар тонг бўлганда ўша кун дейди:
- Эй одам фарзанди, мен янги кун ман ва сенинг амалларинга гувоҳ ман. Бас мени ғанимат бил, чунки мен кетиб қолсам қиёматга қадар қайтмайман.” Шу ўринда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўгитларини эсласак: Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз, умрингизнинг қолган қисминиҳам ўтишини кутмоқдасиз. Шу ҳолда ҳануз ўлим келмай туриб, ишларнинг афзалини қилиб олишга шошилинг. Бир қарабсизки кутилмаган бир соатда ушланиб қоласиз. Унутманки бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган.
Улуғларимиздан айтилган ҳикматли сўзга назар солайлик: “Вақт қилич каби кескирдур, агар сен уни кесмасанг у сени кесиб қўяди.”
Шайх Саъдий Шерозий айтадилар-
Ҳар бир нафас чиқиши умрнинг қисқариши,
Бундоқ назар солсамгар,
Қолмабди умр аксар.
Эй эллигин ғафлатда ухлаб ўтказган инсон,
Қолган беш кунингни сен ғанимат амалида топ.
Ҳар бир нафас кириши умрнинг узайиши
Қайтиб нафас чиқиши,
Кўнгилни шод бўлиши.
Ҳар бир нафас ўзида икки неъмат мавжуддир
Ҳар бир неъмат ҳаққига шукур айтмоқ вожибдур.
Юқорида айтилган ҳадис билан бу ўгитларда нима нарса таъкидланмоқда? Яъни мўмин киши учун вақт жуда қийматли неъмат эканлиги айтилмоқда. Аллоҳ таоло неъматлар ичидаги қимматли нарса бу вақт экан. Аммо бизлар мусулмонлар бу нарсага жуда бепарвомиз, аслида диққатга сазовор нарса бу вақтдир.
Аллоҳ таоло:“Сизларга эслайдиган одам эслагувдек умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи келмаган эдими?! Бас, энди тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир.” –деб марҳамат қилган. (Фотир сураси 37-оят)
Демак вақтдек улуғ неъматнинг қадрига етмаганларни Аллоҳ таоло золим деб номлаябти.
Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари байтларининг бирида дейдилар:
Йигитликда ажаб хуш хавфи зорий,
Ёғинлиқ келса, хўб йилнинг баҳори.
Расулуллоҳ Алайҳиссалом: “Ёшлигингни кексалик келишидан олдин ғанимат бил”-дедилар.
Чунки ёшликда, йигитликда қилинган ибодатлар бекамикўст бўлади. Йигитликда киши куч-қувватга тўлган пайти бўлади. Шуни ғанимат билиб ёшлигидан Аллоҳга бандалик қилса, инсонларга манфаъат етказса ҳар бир ишида тақво қилса, албатта бундай ҳолат Аллоҳ таолога хуш ёқади.
Набий Алайҳиссалом:“Қиёмат кунига одам фарзандининг оёғи жойидан қимирламайди, тоинки унга берилган беш нарса ҳақида сўралмасдан бурун: умрингни нимада ўтказгансан? Ёшлигингни-чи? Молингни қаердан топгансан? Қаерга сарфлаган сан? Билганингни нимасига амал килдинг? ”
Ҳадисга диққат қилинг!
Аллоҳ таоло умрни сурагандан кейин умрнинг ичидаги ёшликни алоҳида сўрамоқда.
Демак, ёшлик умрнинг ичида аҳамиятга молик нарса экан. Бизнинг йигитлигимиз умримизнинг энг қимматли вақти экан. Шунинг учун Аллоҳ таборак ва таоло уни алоҳида ҳисоб-китоб қилади. Ҳар бир сониясини сўраб олади.
Энди бизлар бебаҳо вақтимизни ғанимат билиб, хайрли ишларни қилишга шошилайлик.
Киритилган вақти: 28/04/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3004
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 04:25