ВАФОЛИ ФАРЗАНД ИЙМОНЛИ ФАРЗАНД
Барчамизга маълумки, Оламда яшаётган ҳар бир инсон ор-номусни, вафони ўзи учун жуда муқаддас деб билади. Уни ҳимоя қилиб, топтамаслик йўлида ҳаракат қилади, курашади ва жасур, мардлар даражасига етади. Айниқса, ота-онага, ватанга вафодор, садоқатли фарзанд бўлиш бу – олий туйғу ва буюк неъматдир.
Ўзбек халқи ҳамиша кексаларни хизматини қилишга, дуосини олиб, кўплаб савобга эга бўлишга интилиб келган. Ота-онани иззат-икром қилиш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Ота-она тириклигида уларни хушнуд этиш, вафотларидан кейин эса тирикликларида айтган насиҳатлари ва маслаҳатларига амал қилиш, уларнинг яхши хислатлари билан ёдлаб туриш содиқ ва вафодор фарзандларнинг энг яхши одатларидандир.
Китобларда баён қилинишича, ота-онанинг фарзандга нисбатан саксонта ҳақи бор. Уларнинг қирқтаси тириклик вақтида ва қолган қирқтаси ўлгандан кейин амалга оширилади. Тириклик чоғидаги қирқта ҳақнинг ўнтаси танга, ўнтаси тилга, ўнтаси дилга ва ўнтаси молга тааллуқлидир.
Танга тааллуқли бўлган ўнта ҳақ ота-онага сидқидилдан хизмат қилишдир. Бу шундайки, ота-онага ҳамма вақт ҳурмат кўзи билан қаралади, қилма деб буюрган ишлари қилинмайди, уларнинг маслаҳати ва розилигисиз ҳеч бир ишга қўл урилмайди, яна улар сен ўтирган жойда ҳозир бўлсалар, сен дарҳол ўрнингдан туриб кутиб оласан, улар ўтирган бўлишса, сен оёқда тик турасан, улар рухсат қилишгандагина ўтирасан. Улар ўтирадиган ўринга сен ўтирма. Йўлда бирга кетаётганда уларнинг олдиларига ўтиб олма. Агар тупроқли, лойли, сувли ёки умуман хавфли жой келгандагина олдинга ўтиб олишинг мумкин. Уларнинг олдида очиқ чеҳра билан ўтир. Қовоғингни солма, хўмрайиб қарама,чақирганларида эса югуриб бор.
Аммо дилга тааллуқли бўлган ўн нарса шундан иборатки, биринчи – уларга раҳму шафқат билан қара. Иккинчи – уларга доимо қўлингдан келганча яхшилик қил. Учинчи – сенинг шодлигинг уларнинг хурсандчилиги билан бўлсин. Тўртинчи – улар ғам тортсалар сен ҳам қайғур ва уларнинг дардига малҳам бўлиш йўлини қидир. Бешинчи – улар ортиқча гапирсалар ҳам ўзингга малол олма. Олтинчи – улар танбеҳ берсалар хафа бўлиш ўрнига хунсанд бўл. Еттинчи – уларга қанча яхшилик қилмагин ва ҳақларини адо қилмагин уларнинг диллари заррача озор топишини ўзинг учун ор деб бил. Саккизинчи – уларнинг қандай ниятлари бўлса ўша ниятларига етишлари учун ҳаракат қил. Тўққизинчи – улар қанчалик узоқ умр кўрсалар шунчалик қувон. Ўнинчи - қанчалик дардли бўлса шунчалик кўнглини олишга урин.
Аммо тилга тааллуқли бўлган ўнтаси шундан иборатки, биринчи – уларга мулойим муомала қил ва доимо тавозеда бўл. Иккинчи – уларга баланд овоз билан гапирма. Учинчи – уларга кўп гапирма ва қўполлик қилма. Тўртинчи – уларнинг отини айтиб чақирма. Бешинчи – улар гапираётганларида сўзларини бўлма. Олтинчи – уларнинг айтганларини рад қилма. Еттинчи – улар фалон ишни қил, деб айтсалар сен йўқ деб жавоб қилма. Саккизинчи – улар қичқириб гапирсалар ҳам сен паст овозда гапир. Тўққизинчи – уларнинг гапларига оҳ-уҳ деб хитоб қилма...
Ота-она ўлгандан кейин қилиниши керак бўлган қирқта ҳақ-ҳуқуқларга қуйидагилар киради: биринчи - маййитни зудлик билан дафн этиш чораларини кўр, чунки унинг иззати уни тезда дафн этишдир. Кўмишдан аввал жасадни ювишни ва кафанлашни унутма. Ўзинг доду фиғон қилиб йиғлама ва ўзгаларнинг ҳам шундай қилишларига йўл қўйма.
Ота-она дафн этилгандан кейин уларнинг зиёратларига тез-тез чиқиб тур. Агар ҳафтада бир марта зиёратга чиқишни одат қилиб олсанг улуғ кишилар йўлини тутган бўласан. Бошқаларнинг ўлган ота-оналарини ёмон сўзлар билан ёдга олмагинки, улар ҳам сенинг ота-онангни шундай ёдга олмасинлар. Ҳикмат китобларида айтилишича, кимки ўз ота-онасини ўлгандан сўнг ёмон сўзлар билан ёдга олса, у разил кишидир.
Ота-она вафот этгандан сўнг унинг ёру дўстларини уйингга таклиф этиб, улар билан бирга ота-онанг хотирасини ёдга ол, ота-онанг яхши кўрган овқатлардан тайёрлаб, таклиф этилган биродарларига нисор эт!
Бизда ота-онани ранжитиш, кўнгилларига озор бериш катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Ота-онани ранжитган инсон у ким бўлишидан қатъий назар ўз мурод-мақсадига ета олмайди. Агар у бой-бадавлат бўлса, бойлиги ўз-ўзидан соврилиб тугайди, соғ бўлса, дардга чалинади. Бу ҳақда Низоми Арузи Самарқандийнинг мана бу ривояти фикримизга асос бўла олади:
- Халифа Хорун ар-Рашиднинг вазири фазл ибн Яҳъё оғир дардга чалиниб қолди. Унинг тўш териси оқара бошлади. Номус қилганидан ёзда ҳам узун нимча кийиб юрар экан, ҳаммомга эса фақат кечаси, ҳеч ким йўқ пайтларда тушаркан. Бу мудҳиш дарддан қутилиш чорасини ахтариб, надим ва ҳокимларни тўплаб: “Шому Ироқда, Форсу Хуросанда энг ўткир табиб деб кимни тан оласизлар?” - деб сўрабди. Мажлисга йиғилганлар форс вилоятида шундай одам борлигини айтибдилар. Шундан кейин у ўша одамни Бағдодга чақиртириб келибди.
Табиб келгач, Фазл ибн Яҳъё унинг шаънига катта зиёфат берибди. Зиёфатдан кейин табибни хилват бир хонага олиб кириб, бошда уни синаб кўрмоқчи бўлди ва “оёқларим нимагадир қувватсиз, бирон давосини топсангиз”, деб илтимос қилди. Табиб унга “сустлик овқат еманг, аччиқ нарсадан ҳам ўзингизни тийинг. Фақат жўжа гўшти ва нўхатдан тайёрланган шўрва ичинг. Холва ҳам еб туринг. Бундан ташқари тухум сариғини асалга қўшиб кунда наҳорда истеъмол қилиб туринг”, деб тавсия қилди. Лекин Фазл ибн Аҳъё табибининг айтганларини қилмай, ҳар куни сергўшт ёғлик ичиб, аччиқ нарсаларни ҳам истеъмол этаверибди. Бундан ташқари, лўбиёни ёққа қовуртириб, мурч сепиб еди.
Орадан бир неча кун ўтгач, табиб унинг пешобини текширди, сўнг беморнинг ўзбошимчалигидан нолиб, деди:
- Мен сизни бундан кейин даволамайман, чунки парҳез тутмабсиз ва буюрганларимни қилмабсиз. Энди сизни даволашнинг ҳеч қанақа фойдаси йўқ.
Фазл ибн Аҳъё табибнинг ақлу фаросатига таҳсинлар ўқиб, синаб кўриш мақсадида шундай қилганини айтди, сўнг нимчанинг тугмаларини ечиб тўшини кўрсатди.
Хулласи калом, шерозлик табиб Фазл ибн Яҳъёни кўп вақт даволади. Унинг муомаласида бор билим ва тажрибаларини ишга солди. Лекин бундан бирон натижа чиқмади. Табиб руҳан эзилиб, бир неча кун нима қилишини билмай юрди. Охири Фазл ибн Яҳъёнинг ҳузурига кириб бундай деди:
- Эй, улуғ вазир! Сизни даволаш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим, лекин афсуски, нафи бўлмади. Балким отангизни қаттиқ ранжитиб қўйгандирсиз, бориб, қандай бўлмасин, унинг кўнглини олинг.
Вазир ўша куниёқ отасининг ҳузурига бориб оёқларига йиқилди, “мен ноқобил фарзанднинг гуноҳларидан ўтинг”, деб ялиниб-ёлворди. Нима бўлса ҳам ота-отада! У ўғлининг гуноҳларидан ўтди. Фазл ибн Яҳъё эса кўп ўтмай ўша дарддан бутунлай қутулди ва табибга кўпдан-кўп миннатдорчилик билдирди.
Лекин уни юртига кузаётиб: “Менга ёпишган дард отам туфайли эканлигини қаёқдан билдинг?” - деб сўради.
Табиб жавоб қилди:
- Тузалиб кетавермаганингиздан кейин “бу одам балки кимнидир ранжитиб, лаънатига қолган бўлса керак”, деб ўйладим. Лекин кўп сўраб-суриштириб, сарой аҳли орасидан ҳам, бозор аҳли ичидан ҳам бунақа одамни учратмадим. Кейин бир киши сизнинг анча вақтдан бери отангиз билан аразлашиб юрганларингизни айтиб берган эди.
Бу мудҳиш воқеа ҳаммамизга ибрат мактаби бўлиши керак. Хар бир инсон иложи борича, ота-онанинг эъзозлаб, уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиб яшаса асло кам бўлмайди. Халқ ибораси билан айтганда, - тупроқ олса олтин бўлаверади. Бундан ташқари, эл-юрт ўртасида обрў-эътибори ошади.
Юқоридаги ривоятда элга машҳур бўлган табиб ҳар чанд ҳаракат қилмасин пес касаллигига мубтало бўлган беморни даволай олмайди. Чунки у ота қарғишини олган, дилозорлиги учун бу касални танасига юқтирган. Унинг отадан кечирим сўраши, соғайиши китобхон кутганидек бўлади.
Кўринадики, ота-онага вафодор бўлган, уларнинг хизматларини астойдил адо этган, дуоларини олган фарзанд ҳамиша соғлом, эл ардоғида бўлар экан.
Киритилган вақти: 22/07/2016 00:00; Кўрилганлиги: 2390
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 03:13