УЙДАН ҚОЧИШ
Тўрт ярим ёшдаги ўғлимизнинг шўхликлари учун унга кўп танбеҳ берардик. Бир куни унга танбеҳларимиз кор қилмагач, эрим чидолмасдан бурчакда оёқда туриш жазосини берди. Ўғлим индамай қабул қилди.
Лекин унчалик хурсанд эмасди. Бир қанча вақт ўтиб, ўғлим:
-
Мен уйдан қочиб кетаман, - деди.
Унинг қароридан таажжубландим ва жуда жаҳлим чиқди.
-
Шунақами?-деб бақирдим. Аммо унинг юзига боққанимда фариштадек беғубор болажоним маъсумгина боқиб турар ҳамда хафа эди...
Юрагим эзилди. Худди шу сўзларни болалигимда мен ҳам айтганимни, ўшанда ўзимни жуда ёлғиз ҳис этганимни ва ҳеч ким мени яхши кўрмаслиги ҳақидаги ўйлаганимни эсладим. Аслида, бу сўзлар билан ўғлим жуда кўп нарсаларни айтарди менга. Ичдан инграган овоз эшитилди менга: “Менга бефарқ бўлманг, илтимос. Эътибор беринг, мен ҳам кераклиман. Мендан меҳрингизни аяманг ва яхши кўришингизни исботланг”.
- Майли уйдан қочишинг мумкин, - дея пичирладим ёнига бориб. Кийимларини йиғиштираётиб: “Ҳа, пижамаларинг ҳам керак бўлади, пальтойинг ҳам...”, дедим. Ҳамма кийимларини сумкага солдим ва сумкани кўча эшигининг ёнига қўйдим.
- Хўп, уйдан қочишни хоҳлаётганингга аминмисан?
- Ҳа, аммо сиз қаёққа кетяпсиз?
- Агар сен уйдан қочаётган бўлсанг, ойинг ҳам сен билан кетади. Чунки сенинг ёлғиз қолишингни хоҳламайман. Сени жудаям яхши кўраман, ўғлим.
Гаплашарканмиз беихтиёр қучоқлашаётгандик.
-
Нега мен билан кетмоқчисиз?
Милтиллаб турган кўзларига қараб жавоб бердим:
- Чунки сени яхши кўраман, сен кетсанг, менинг ҳаётим остин-устун бўлади. Шунинг учун ҳам сен кетсанг, мен ҳам кетаман.
- Дадам ҳам кетадиларми?
- Йўқ, даданг укаларинг билан қолиши керак. Биз бу ерда бўлмаганимизда, ишлаши ва укаларингга қараб қолиши зарур.
-Мушугимиз ҳам биз билан кетадими?
-Йўқ, у ҳам шу ерда қолади.
Ўғлим бироз ўйланиб:
- Ойижон, биз ҳам қолишимиз мумкинми? - деди.
- Ҳа, қола оламиз.
- Ойижон...
- Ҳа, ўғлим?
- Сизни яхши кўраман.
- Мен ҳам сени яхши кўраман, болажоним. Қани келақол, маккажўхори қовурамиз. Менга ёрдам берасанми?
- Албатта!..
Ўшанда оналикнинг муҳим вазифаларидан бири – боланинг ишончини ва ҳурматини қозонишга ёрдам бериш керак эканлигини тушундим. Уни бағримга босишим кераклигини ва мендан чинакамига меҳр кутаётганини билардим. Она бўлиб болаларимни яхши кўришни ва уларнинг мен учун жуда бебаҳо неъмат, Аллоҳимнинг лутфи эканини кўрсатиш фурсатини йўқотмаслигим кераклигини ўргандим.
Киритилган вақти: 10/10/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2282
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/uydan-qochish
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 10:09
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 10:09