Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

УЛУҒ САФАР ОДОБЛАРИ

 
 

Ҳаж ҳар бир мусулмоннинг орзусидир. Чунки у сабабли киши онадан қайта туғилгандек гуноҳларидан покланади. Дунёдаги мусулмонлар бирдамлигига гувоҳ бўлади ва оламларга раҳмат қилиб юборилган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни зиёрат қилиш бахтига мушарраф бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, муборак ҳадис шарифларида ҳаж даврида гуноҳлар ва фисқу фасод ишлардан тийилиб, ҳаж амалларини адо қилган кишиларнинг онадан қайта туғилгандек гуноҳлардан пок бўлишлари хушхабарини бердилар:

عن أبي هريرة رضي الله عن النبي صلى الله عليه وسلم قال :"من حج لله فلم يرفث ولم يفثق رجع كيوم ولدته امه"

Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади."

Дарҳақиқат ҳаж, инсон ҳаётида яхшилик сари тубдан бурилиш ясайдиган жараён. Бунинг учун эса киши ўзини ўзи бошқара билиши, олдинги гуноҳ ишларни тарк этиши ҳамда савоб ишларга ҳарис бўлиши лозим. Аллоҳ уни Ўзининг фазли, марҳамати билан онадан қайта туғилгандек гуноҳлардан поклаганидан сўнг бу неъматнинг қадрига етиб, Ватанга қайтганидан кейин ҳам, гўзал ахлоқда барчага намуна бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, мусулмонлар барча яхши ишларда пешқадам бўлишлари ва бу муборак сафар одобларини ҳам яхшилаб ўрганиб олишлари мақсадга мувофиқдир.

Сафар одоблари:

1. Ҳаж ва умрани ният қилган киши авваламбор бу улуғ сафардан Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилиши ҳамда риёкорлик, одамлар эшитсин каби иллатлардан ўзини поклаши лозим;

2. Сафар олдидан киши ўзининг васият, қарз олди-бердилари ва омонатларини ёзиб қолдириши мустаҳаб амаллардан;

3. Гуноҳларига қаттиқ тавба қилиши ва уларни ҳеч қачон қайтармасликка ният қилиши керак;

4. Кишиларнинг унда ҳақлари бўлса ёки уларга ноҳақликлар қилган бўлса, ҳақларини эгаларига қайтариш, зулм қилган кишиларидан эса, авф этишларини сўраш лозим;

5. Аллоҳ таоло фақат ҳалол моллардан қилинган нафақаларнигина қабул қилишини эътиборга олиб ҳажга ишлатиладиган нафақаларини ҳам фақат ҳалолдан тўплаш лозим;

6. Барча гуноҳлардан, жумладан тил ва қўлдан содир бўладиган чақимчилик, ғийбат, билмаган нарсасини гапириш, атрофидагиларга қўполлик қилиш, ҳаж ва умрани адо этаётганларни ноқулай аҳволга солиб қўйиш кабилардан сақланиш лозим. Атрофдагиларга нисбатан раҳм-шафқатли, меҳрибон ва хушмуомалада бўлиш мусулмон кишининг фазилатидандир;

7. Ҳаж ва умрани ният қилган киши ҳаж ва умра амаллари қандай адо этилишини яхши билиб олишиш лозим;

8. Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз ва вожиб амалларни тўлиқ бажаришга жидду-жаҳд қилишлари лозим. Хусусан, намозларни ўз вақтида жамоат билан адо қилиш, зикр, дуо, Қуръон тиловати ва истиғфорлар айтиш, муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш каби ишларни қилиши таҳсинга лойиқ ишлардандир;

9. Сафар давомида солиҳ ва билимдон ҳамроҳлар билан бирга бўлиши ҳам мустаҳаб амаллардан саналади;

10. Сафарга отланган кишилар гўзал хулқли бўлишга ва одамлар билан хушхулқда муомала қилишга эътибор беришлари лозим. Бу эса ўз-ўзидан сабр қилиш, авф этиш, мулойимлик, меҳрибонлик, ҳалимлик, камтаринлик, шошмаслик, саҳоватли бўлиш, адолатли ва омонатдор каби хислатларни ўз ичига олади;

11. Сафарга отланган киши ўз оиласини Аллоҳдан тақво қилишга чақириши лозим. Чунки бу, Аллоҳ таолонинг бандаларга кўрсатмаси;

12. Сафарга отланган киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган дуоларни ёдлаб олиши мустаҳаб амаллардандир.

Аллоҳ Таало барча ҳожиларимизни ҳажларини мабрур ҳажлардан қилсин!


Киритилган вақти: 20/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2953
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ulug-safar-odoblari
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 03:22
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг