Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Тинчлик қўним топган юрт

 
 

Инсоният мўътабар заминда ҳаёт кечириши учун бир неча омиллар талаб қилинади. Бу чорлов яратган Буюк Зот ва унинг пайғамбари томонидан экани айни ҳақиқатдир. Аллоҳ таоло бандасидан Ўзига ибодат ва итоат қилишини буюрибгина қолмай, жамиятда худди, бир оиладаги ака-укалар каби ўзаро тинч-тотув ва бирдамликда умр кечиришларини ва ҳамиша яхши амалларни бажаришда намуна бўлишларини бир неча оятлар мазмунида билдирган. Аллоҳ таоло Каломи шарифда Моида сурасининг 2-оятида шундай марҳамат қилади:

.......Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.

Ҳозирги ахборот асри бўлган даврда дунё миқёсида ёруғлик тезлигидек хабарлар алмашувига гувоҳ бўлинмоқда. Бу ҳам яратганнинг бизга берган инояти ва неъматидан бири ҳисобланади. Бу ҳолатдан яхши мақсад ёҳуд, ғаразли ният билан фойдаланаётганлар ҳам бордир. Биргина ёмон хабар туфайли бир халқнинг тинчлиги ва фаровонлигига раҳна солиниши ачинарли ҳол. Бу ҳақда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча огоҳлантиришлар мавжуд. У зотнинг ҳаётларини ўзи биз учун катта мактаб ҳисобланади. Одатлари эрта тонг ва тунда ўқийдиган муборак дуоларида ўзлари ва уммат учун “......Эй Аллоҳим! сендан офиятни сўрайман”, деб ёлвориб илтижо қилганлар ва саҳобаларга шу каби ўргатганлар. Бу дуоларини тадқиқ қилиб ўрганиб чиққан олимлар “офият” сўзини касаллик ва бало-офатлардан омонда бўлиш деб шарҳлашган. Яна бошқаларида “офият” сўзини беш вақт намозни эмин-эркин адо қилиш деб ҳам келтирилган.

Жаннатмакон юртимиз мусулмонларини тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши ва ибодатларини тўлиқ ва маромида адо этишлари айни ҳадиси шарифда келтирилган “офият” дек неъматнинг заминимиз узра кезиб юрганига далолат қилади.

Биз мусулмонлардан ушбу неъматни қадрига етиб, уни асраб авайлаб келажак авлодга етказишимиз ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.

Ҳозирги пайтда бир талай юқори даражадаги замонавий имкониятларга эга бўлиб турган юртлар ҳам тинчликни орзу қилиб туришгани ва тинчликдек неъматга эришиш учун бор куч-қуввати ва бор маблағини сарфлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Аксига олиб ҳозирда баъзи ғаламислар томонидан турли фитна ва фасодларни келтириб чиқариб, осойишта юртлар учун чанг солмоқчи бўлаётганига интернет, матбуот ва зангори экран орқали гувоҳ бўламиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилади: “Мунофиқнинг тўртта аломати мавжуд. Сўзласа, ёлғон гапиради. Омонат берилса, хиёнат қилади. Ваъда берса, вафо қилмайди. Хусуматлашса, ҳақни қабул қилмайди”[1].

Бу ҳаёт, бу замин, бу фалак, бу юрт ва шунингдек, ундаги имкониятлар Роббимиз томонидан биз уммати Муҳаммад учун туҳфа қилинди. Шулар қаторида “тинчлик, офият” деган бебаҳо неъматни омонат қилиб берилса-ю, унга эътиборсиз қараган киши юртига нисбатан хиёнатчига айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг усулига кўра яхши ва ёмон амаллар эвазига бериладиган мукофот ва жазолар ўз жинсида бўлишини уламоларимиз келтириб ўтишган. Мисол учун ҳаёти дунёда спиртли ичимликдан тийилган кишини жаннат шароби билан суғорилиши, зинодан сақланган кишига жаннат ҳурларини туҳфа қилиниши баён қилинган. Ёмонлиги туфайли ўз оиласи ва ўзгалар зарар кўриши охиратига ҳам таъсир қилиши баён қилинган.

Ҳаёти мобайнида тинч осойишта умр кечириб турган мусулмонларга нисбатан ёмон назарда бир маротаба қараган кишини аҳволи ачинарли экани ҳадиси шарифда шундай келтирилади:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَنْ نَظَرَ إِلَى أَخِيهِ نَظْرَةً تُخِيفُهُ أَخَافَهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ [2]"

Абдуллоҳ ибн Амр айтадилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айдилар: “Ким биродарига уни чўчитадиган (қўрқитадиган) назар ила қараса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни қўрқитади”.

Ҳадиси шарифдан маълумки, биргина ёмон назар кишини охиратда Аллоҳнинг уқубатига дохил қилмоқда экан, ёмон амали қўрқитадиган бўлса, унинг азобига дучор бўлиши айни ҳақиқатдир.

Албатта, мусулмон кишини ибодатидан мақсади, яратганни раҳмати ва розилигига эришиб олишидир. Ҳозирда ўзини мусулмонман деб даъво қилиб, ўзга мусулмонларга моддий ва маънавий зарар келтириб, уларни ҳаётини зулматга айлантираётган шахсларни ким деб аташ мумкин. Дарҳақиқат, бу каби разил кишилар дунё ва охиратда хўрланганлар қаторида бўлади.

Ҳадиси шарифда хотиржам кишини қўрқитган киши золим деб ҳам аталгани ва бу каби ишлар мусулмон кишига харом амал экани ҳам билдирилган.

لا تروعوا المسلم، فإن روعة المسلم ظلم عظيم[3].

Омир ибн Рабе розияллоҳу анҳу Расулулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: У зот айтдилар: “Мусулмон кишини қўрқитманглар. Чунки мусулмонни қўрқитиш катта зулмдир”. Имом Табароний ривояти .

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирда ўзига мусулмон деган буюк номни олиб, ўзга мусулмонларни оммавий равишда тинчлигига раҳна солаётган, хавф-хатар туғдираётган кишилар, айниқса, юртимиз ўғлонларини кучидан фойдаланиб, разил мақсадини амалга оширмоқчи бўлган ИШИД каби оқимларни қандай, қанақа мусулмон деб аташга ҳам жавоб тополмайсан киши.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмономизни мусаффо айласин. Шу осуда диёрда яшаётган барча ватандошларимизни икки дунё содатига етиштирсин.



[1] Имом Байҳақий ривояти

[2] Шуъбул иймон асари. 535 бет.

[3] Канзул уммол асари. 398 бет.


Киритилган вақти: 27/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3053
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/tinchlik-qonim-topgan-yurt
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 09:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг