Тил — ақлнинг таржимони
Ўйламай айтилган сўздан пайдо бўладиган фитна ва офатлар кўп ва турли-хил бўлиб, улар кишининг ўзига ва жамиятга катта зарар келтириши мумкин. Тил офатларидан қутулишнинг иложи ва энг осон йўли эса Аллоҳ таоло жорий қилган шариатга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига амал қилишлик орқали бўлади.
Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким менга икки оёғи орасидагига ва икки жағи орасидаги (нарсани сақлаш)га кафиллик берса, мен унга жаннатнинг кафиллигини бераман”,- дедилар. Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган икки оёқнинг орасидаги нарса жинсий аъзо ва икки жағ орасидаги нарса эса тилдир. Демак, ким ўзини зинодан ва тили билан куфр- ширк, ҳамда гуноҳга бошлайдиган гапларни гапиришдан ўзини тийса, жаннат мукофати унга кафалот берилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин ”,- дедилар. Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Тилни сақлаш ҳақида саҳобалар айтган гаплар:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Тилдан кўра қамоқда туришга ҳақлироқ нарса йўқ”,-деган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади:
“Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган”.
Минг афсуски, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, бугунги кунда мусулмонларни ва уларнинг имомларини кофирга чиқараётган баъзи фирқалар илмсизлик билан адашмоқдалар ва бошқаларни ҳам адаштирмоқдалар.
Аллоҳдан қўрққан, диндан ва илмдан хабари бор одам бу гапларни айтишдан ўзини тияди. Чунки мусулмон кишиларни ёппасига кофирга чиқариш ҳамда барча диёрларни “куфр диёри” дейишлик ўта нодонлик бўлиб, бундай гапларни фақатгина жоҳил, гумроҳ ва илмсиз кишиларгина айтади.
Бугунги кунда ўзларини салафи солиҳларнинг издошлари деб даъво қилаётган “салафийлар”лар (аслида хаворижларнинг авлодлари) уларга қарши чиққан ва эргашмаган мусулмонларни куфрда айбламоқдалар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни бундан қайтариб: “Кимки ўз биродорига кофир деса, куфр сифати уларнинг бирига ёпишади”,- деб огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ривоят қилган.
Имом Муслим ушбу ҳадисни “Ким ўз биродарига кофир деса, уларнинг бирига шу сифат ёпишади. Агар айтганидек бўлса, айтилган одам , ундай бўлмаса, ўзига қайтади”, — деб ривоят қилган.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “ Ким биз ўқигандек намоз ўқиса, қибламизга юзланса, сўйган жонлиғимизни еса, у Аллоҳ ва Унинг Расули ҳимоясидаги мусулмон бўлади. Унинг ҳуқуқларини поймол қилиб, Аллоҳ таолони таҳқирламанглар” ,-деганлар.
Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ва Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: “Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ “,-деганлар.
Уламоларнинг барчаси ҳеч бир мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас дейишган. Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ҳам : “Қибладошларингизни кофирга чиқарманглар”,-деб таъкидлаган.
Шайх Юсуф Қаразовий эса мусулмон кишини кофирга чиқариш тўғрисидаги гапларни рад этиб: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши шарт ”,-деб таъкидлайди.
Имом Абул Фатҳ Қушайрий айтади: “Аллоҳ таоло мусулмон кишини ноҳақ куфрда айблаган кимсани жазолашга ваъда берган”.
Ота –боболаримиз ҳам “Олдин ўйла, кейин сўйла”,-дейдилар. Дарҳақиқат, ўйламай айтилган гаплар инсон қалбига жароҳат етказади. Тил билан етказилган жароҳатга қараганда қилич билан етказилган жароҳат енгилроқдир. Чунки тил қалбни , қилич эса баданни жароҳатлайди. Қалб яраси битмасада, аммо бадандаги яра битади.
Шу ўринда буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг яшаб ўтган даврини эсга олсак . Толиби илмларга дарс бераётган Алишер Навоийга Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро яқинлашиб, кўрсаткич бармоғи билан бошини кўрсатди. Алишер Навоий ҳам кўрсаткич бармоғи билан тилини кўрсатди. Ҳусайн Бойқаро бу ишорадан бош чайқади-ю, толиби илмлар даврасига яқинлашмай ортига қайтди. Бу ҳолатни кўриб турган шогирдлар устоздан ушбу имо-ишоранинг маъноси нима эканлигини сўрадилар. Устоз эса бу жумбоқли масаланинг ечимини топишни шогирдларининг ўзларидан талаб этди. Шогирдлар қанчалик ҳаракат қилишмасин, тайинли жавоб топа олмадилар. Шунда Алишер Навоий ҳазратлари шогирдларига : “Имо-ишорада қийин маъно яширинмаган, жавоб жуда ҳам оддий . Дўстим Ҳусайн мендан бошга балони нима келтиради деб сўради. Мен эса унга тил деб жавоб бердим”,-деган экан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни иймонларимизни мустаҳкам қилиб, тўғри йўлидан адаштирмасин ва тилнинг офатларидан Яратганнинг Ўзи паноҳ берсин.
"islomobod.uz"дан
Киритилган вақти: 31/10/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3046
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 16:37