Тафаккурнинг фазилати
وَهُوَ الَّذِي مَدَّ الْأَرْضَ وَجَعَلَ فِيهَا رَوَاسِيَ وَأَنْهَارًا وَمِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ جَعَلَ فِيهَا زَوْجَيْنِ اثْنَيْنِ يُغْشِي اللَّيْلَ النَّهَارَ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
У Ерни ёйиб қўйган ва унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган зотдир. У Ердаги меваларни (ва бошқа нарсаларнинг) иккитадан – жуфт-жуфт қилиб яратди. У тун (зулмати) билан кундузни ўрайди. Албатта, бу (мисоллар)да фикр юритадиган қавм учун аломатлар бордир.
Юқоридаги ояти каримада Парвардигири олам тафаккур эгалари учун белги, аломат борлигини маълум қилмоқда. Бу оятдан маъулум бўладики тафаккурли инсон тафаккурсиз инсондан фазл жиҳатидан ҳам ақл жиҳатидан ҳам юқори ўринда туради.
Шу ўринда тафаккур ҳақида қисқача малумот ва унинг фазилати ҳақида айтиб ўтишликни жоиз деб билдик.
“Тафаккур” “фикр” сўзининг масдаридан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш деган маъномазмунни англатади. Мутафаккир олимларимиз, руҳий тарбия устозларимиз шу ўринда айтадиларки, инсон нафсини поклашга ва одоб-ахлоқини сайқаллашга “тафаккур” катта рол ўйнайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳам айнан тафаккур ҳақида ўзининг илоҳий дастури бўлмиш Қуръони каримининг ўн етти оятида инсонларни тафаккур қилишга тарғиб қилганлиги бежизга эмас албатта.
Мусулмон уламоларимиз ҳам тафаккур ҳақида беқиёс фикрларини билдирганлар:
Имом Ғаззолий “Иҳё”да ёзадилар: “Луқмони Ҳаким ёлғиз ўзлари узоқ ўтирар эдилар. Бир куни хизматкори унинг олдидан ўтаётиб: “Эй хожам! Ёлғиз ўзингиз узундан узоқ ўтирасиз. Бундан кўра одамларга қўшилиб ўтирсангиз яхши эмасми, деди. Луқмони Ҳаким: “Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса жаннат йўлининг кўрсатгичидир ”, дедилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Тафаккур ила ўқилган икки ракаат қисқа намоз, тун бўйи фикрсиз бедор бўлгандан яхшироқдир.”
Умар ибн Абдуазиз айтадилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ҳақида фикр юритиш энг афзал ибодатдир.”
Тафаккурнинг фойдалари:
1. Тафаккур қилиш билан инсон Аллоҳ таолонинг розилиги ва муҳаббатига эришади. Тафаккурсиз инсон эса Аллоҳ таолодан узоқлашади.
2. Тафаккур қилишлик Аллоҳ азза ва жалладан хавфда бўлиш ва қўрқиш малакасини пайдо қилади. Тафаккурсизлик эса инсонни қўрқмасдан гуноҳ ва маъсият ишларни қилишлик малакасини пайдо қилади.
3. Тафаккур қилиш билан инсон қалби ғуборлардан тозаланиб қалби сайқал топади. Тафаккурсизлик эса инсон қалбини қорайтириб ўлдиради.
Аллоҳ субҳанаҳу таоло Юнус сурасида марҳамат қилиб айтади:
إِنَّمَا مَثَلُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ مِمَّا يَأْكُلُ النَّاسُ وَالْأَنْعَامُ حَتَّى إِذَا أَخَذَتِ الْأَرْضُ زُخْرُفَهَا وَازَّيَّنَتْ وَظَنَّ أَهْلُهَا أَنَّهُمْ قَادِرُونَ عَلَيْهَا أَتَاهَا أَمْرُنَا لَيْلًا أَوْ نَهَارًا فَجَعَلْنَاهَا حَصِيدًا كَأَنْ لَمْ تَغْنَ بِالْأَمْسِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
Ҳақиқатан, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сув (ёмғир) бўлиб, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат ер гиёҳлари у билан аралашиб, то ер ясаниб ва зийнатлангач, ер эгалари ўзларини унга қодир деб билган бир пайтда, ерга тунда ёки кундузи Бизнинг амримиз келиб, уни кечаги куни обод бўлмагандек (йиғиб олинган) ҳосилга айлантириб қўйганимизга ўхшайди. Тафаккур қилувчи қавм учун (Биз) оятларни шу тарзда батафсил баён қилурмиз.
Ушбу ояти каримада бу дунё ҳаёти ва унинг матоҳлари табиатда рўй бериб турадиган ҳодисаларга ўхшатилмоқда. Қуруқ ерга ёмғир ёғиб, сув тушса, одамларга ҳам чорва ҳайвонларига ҳам озуқа бўладиган наботот-ўсимликлар ўсиб чиқади. Бу ўсимликлар ер юзини безайди. Ўсган сари гўзаллиги ортиб боради. Ҳосил вақти яқинлашганда эгаларининг кўзлари қувонади. Энди бир нарсали бўладиган бўлдим, деб келгуси ҳосил устида режалар тузади. Шунда хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, Аллоҳдан амр келиб, ҳалиги ўсимликлар бирдан қуриб қолади. Қуруқ ҳашакка айланани. Яхшилиги ҳам, гўзаллиги ҳам, мева-ҳосоли ҳам йўқ.
Фикрли, фаросатли одамлар учун бу дунё ҳаёти ҳам худди шундай. Инсон туғилади, ўсади. Тинмай ҳаракат қилади. Маълум бир натижаларга ҳам эришади. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлаган лаҳзада у эришган нарсани олиб қўйиши мумкин. Яни бу дунё матоҳи бир лаҳзага арзимайдиган нарсадир.
Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, қиёмат куни бу дунёда энг улкан неъматларга эришганларни олиб келиб, дўзахга бир солиб олиб: “Ҳеч яхшилик кўрганмисан? Ҳеч бир неъматга эга бўлганмисан?” деб сўралганда, “Йўқ”,-деб жавоб берар эканлар. Бундай нарсаларни ҳар бир банда яхши тафаккур қилмоғи лозим.
“Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз”.
Аммо тафаккур қилмайдиганлар, Аллоҳнинг айтганига юрмайдиганлар бу дунёю у дунёларини хароб этадилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тафаккур қавмларидан, ўзининг бизларга ато этаётган неъматлари устидан фикр юритиб шукр қиладиганлардан бўлишимизни ҳамда ўзи кўрсатиб берган тўғри йўлидан юришда бардавом бўлишимизни насиб айласин.
Киритилган вақти: 28/01/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2417
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 16:24