Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

СОҒЛОМ ФАРЗАНД ЮРТ ТАЯНЧИ

 
 

Тарихга назал солсак, шарқий халқларимизда фарзанд тарбияси, унинг ахлоқ-одоби, илм-маърифати доимо эътиборда бўлиб келган. Айниқса, ислом динида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар кўрсатмаларига биноан бу вазифа янада масъулиятли бўлиб, ота-она зиммасига юклатилди.

Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Ҳозирги вақтда азиз фарзандларимиз, айниқса, келажагимиз ва ўринбосаримиз бўлган ёшларни буюк аждодларимиз каби гўзал хулқ ва одобли, кенг қамровли билимли, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган даражада камолотга эришишларини, юксак маънавий мезонлар билан уйғунлашган умуминсоний қадриятларни чуқур ҳурмат қилиш руҳида улғайишларини таъминлаш борасида барча бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилиши энг муҳим ва долзарб вазифалари бири бўлиб ҳисобланади.

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабига мос равишда тарбиялаш учун мустақилликдан кейин улкан, таҳсинга сазовор ишлар, тадбирлар амалга оширилди. Таълим тизимининг қайта ислоҳ қилиниши ва ёш авлодни баркамол вояга етиши учун муҳтарам президентимиз раҳнамолигида жорий йилларнинг “Оналар ва болалар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Ёшлар йили” деб номланиши, “Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши, рағбатлантирувчи махсус стипендиялар, турли дастур ва тадбирларнинг амалга оширилиши, 2010 йилни “Баркамол авлод йили” деб эълон қилиниши ҳам юртимизда ёшларга эътибор жуда катта эканлигини билдиради. Бу тадбирлар барчаси ёш авлодни фаровон, бахтли ҳаёт кечиришлари учундир.

Муҳтарам юртбошимизнинг: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деганларида ёшларнинг, фарзандларимизнинг эртанги кунини, уларнинг таълим олишда ҳеч қайси давлат ёшларидан кам бўлмаслигини назарда тутганлар.

Дарҳақиқат, ёшларнинг келажак ҳаёт бўсағаларига қўядиган қадамлари қутлуғ бўлишида ва жамиятда муносиб ўринларни эгаллашида уларнинг комил одоб-ахлоққа эга бўлишлари жуда муҳимдир.

Ҳаммамизга маълумки, жорий йил мамлакатимиз раҳбари томонидан Соғлом она ва бола йилидеб эълон қилинди. Бу жорий йил ёшлар тарбиясига яна ҳам жиддийроқ эътибор берилиши талаб қилинади, демакдир. Ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб етишишлари йўлида ҳукуматимиз томонидан жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда. Уларнинг фойдали билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ҳозирги мактаб, коллеж ва лицейлардаги шароит олдинлари хаёлга ҳам келмаган. Бу каби имкониятларни қадрлаш ва улардан унумли фойдаланишларида ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш биз катталарнинг вазифаларимизга киради.

Мамлакатимиз ёшлари улкан ижодий, ақл-заковатли, ижтимоий-сиёсий салоҳиятга эга. Ана шу куч ва салоҳиятни юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги сари сафарбар этиш энг муҳим вазифалардан биридир. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик қадрини, миллий ва диний қадриятларимизни бемалол, хотиржамлик билан тиклаб, ривожлантиришга, Ислом арконларини баркамол адо этишимизга яратилган имкониятларни улуғ неъмат эканини англаган ҳолда ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатиш бизнинг асосий мақсадларимиздан бўлиши лозим.

Оилада фарзанд дунёга келгандан бошлаб оиланинг жамият олдида жавобгарлиги кундан кунга ортиб боради. Чунки ўсиб келаётган авлоднинг тақдири ана шу муаммонинг ҳал қилиниши билан узвий равишда чамбарчас боғлангандир.

Оила тарбиясидаги болалар ҳаётини халқимиз анъаналарига муносиб йўлга қўйиш, уларни вақтдан тўғри ва унумли фойдаланишларини тўғри ташкил қилиш, бу ишлар намунали тарбиянинг асосий гарови эканлигини ота-оналар ўз фарзандларига уқтиришлари лозим. Оила тарбияси масалаларига бағишлаб буюк мутафаккир бобокалонимиз Абу Али Ибн Сино “Тадбир ал-манозил” асарини ёзган. Унда олим ота-онанинг болаларни тарбиялашдаги вазифаларини ёритган. Асарда оилада ота-онанинг вазифаси, бурчига ва оила муносабатларига тўхталар экан, айниқса, ота-оналар ўзларининг меҳнатсеварлиги билан фарзандларини ҳам касб ва ҳунарга ўргатиш зарурлиги борасида муҳим фикрлар баён этади. Ибн Сино тарбиявий қарашларида оила ва оилавий масалаларга кенг ўрин берилган.

Ота оилада ўз фарзандларига ҳар томонлама юриш-туришда, нутқ одобида, сўз маданиятида, ўзаро муомала жараёнида энг муҳими амалий иш фаолиятида тўғрилик ва ҳаққонийлик, самимийликка намуна бўлмоғи керак. Оилада фарзанд тарбиясини тўғри йўлга қўйишнинг асосий воситаси унинг маънавий оламида эътиқодни шакллантириш, деб ҳисоблаган эди олим.

Келажагимиз давомчилари бўлмиш фарзандларни ақлан ва жисмонан соғлом ҳолда парвариш қилиш, одоб-ахлоқ ва муқаддас динимизга доир бошланғич маълумотларни ўргатиб бориш ҳар бир ота-онанинг вазифаларига киради. Оиладаги соғлом муҳит ва тўғри тарбия фарзанднинг кейинги оладиган билим ва касб-ҳунарлари учун асос ва пойдевор ҳисобланади. Фарзандларимизнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб-ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, кимлар билан дўстлашаяпти, нималарга қизиқиш пайдо қиляпти деб қизиқмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.

Ёшликдан чекиш ва гиёҳвандликка ружу қўяётган, мактабдаги дарсини турли баҳоналар билан қолдириб бепарво юрадиган болаларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунарни эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ота-она, ўқитувчи ва устозлар тушунтиришлари айни муддаодир. Муқаддас динимиз кўрсатмалари бўйича, мўмин-мусулмонлар имон-эътиқодли, инсонпарвар ва меҳнатсевар бўлишлари керак. Лекин оят ва ҳадисларда илм-маърифат билан шуғулланиш ибодатдан улуғ экани тўғрисида ҳам етарли далиллар бор. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларнинг қадри исломда йўқдек нотўғри эътиқодга эга бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам бир илм. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди.

Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан бизнинг жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш тарзи, тирикчилик, тижоратдан тортиб деҳқончиликкача, уй-рўзғор ишидан тортиб, спорт ишларигача тегишли кўрсатмаларни бериб кетганлар.

Демак, биз ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор экан. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътиборни жалб қилишга, бошқа ишларга, беҳуда ўйинларга вақтни бекор сарфламасликка ўргатиб бориш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, унга амал қилишимиз лозимлиги маълум бўлади.

Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири-шахсий намуна, оила ибратидир. Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандларни, аввало, яхши оила, яхши ота-оналар тарбиялайди.

Ижодкор халқимиз яратган ўзбекона қадриятлар, ранг- баранг ва беқиёс бўлиб, ўзбекона миллий қадриятларимизнинг ҳар бири яхлит бир асардир. Бугунги кун юртимизда баркамол авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Миллий қадриятларимиз асосини маънавият ташкил этади, маънавият эса тарбия демакдир. Маънавиятда инсоннинг иймони, эътиқоди, аҳлоқи, ички дунёси шаклланиб сайқал топади. Инсонни ватан, халқ, ота-она, қавм-қариндошлар олдидаги бурчларини англаши унинг юксак маънавият соҳиби эканлигига далолат қилади.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор кўрсатилган.

Давлатимиз раҳбари диний ва миллий қадриятларнинг муштараклиги ҳақида тўхталиб, шундай деган эди: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз. "[1]. Дарҳақиқат ,ўзбек оиласи, ўзбек хонадони одоби, тартиб қоидаси ана шу беназир қадриятлар асосида шаклланган, оила номуси, оила шаъни, ота-оналик ва фарзандлик бурчи ва масъулияти сингари тушунчалар қарор топган. Шу боис биз аждодларимиз қадриятларига таяниб, оила муқаддаслигини, бутунлигини сақлаш, фарзандларимизни юртпарвар ва элпарвар, юксак эътиқодли, одоб–ахлоқли ва баркамол этиб тарбиялашга интилишимиз зарур.[2]

Фарзандлар тарбияси борасида Юртбошимизнинг қўйидаги фикрларини келтирамиз: “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди. Бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси[3]. Бу ҳақда фикр юритганимизда мен Абдулло Авлонийнинг "Тарбия биз учун ё ҳаёт- ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат", деган чуқур маъноли сўзларни эслайман[4]. Ҳақиқатдан ҳам бола тарбияси энг улуғ ва шарафли ишдир. “Ота-она ўз фарзандига чиройли тарбиядан-да, улуғроқ нарса ҳадя этолмайди” деб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга айтмаганлар.[5]

Отанинг фарзандлари улғайган сари болаларга ва уларнинг тақдирига ҳушёрроқ қараши кучайиб бориши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, биз ота-оналарнинг зиммамиздаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганда фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва фарзандларимизни илм олишга ва касб-ҳунар эгаллашларига ҳамдард ва ҳамфикр бўлишимиз даркорлигини унутмаслигимиз ҳамда уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқ бўлмай дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.

Хонадон фарзанд учун биринчи таълим маскани бўлиб, ота-онаси, эл-юрти, жамияти ва динига бўлган ҳурмат-эътиборни оиласидан ўрганади. Оиладаги муҳим вазифалардан бири бу, фарзанд тарбиясидир. Ушбу маъсулиятни ҳис этган ҳолда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришлари ва ҳар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари лозим. Ота-она фарзандларини шундай тарбия берсинки, ўзлари ўтиб кетгандан кейин ҳам уларнинг фойдаси текиб турсин.

Тарбиянинг мақсади – ёшларнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий, диний қадриятларга йўғрилган, руҳан соғлом, жисмонан бақувват, маънан покиза тарбия топиб, комил инсон бўлиб шакллантиришдир.



[1] Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қўрамиз. 7-жилд. –Т.:"Ўзбекистон",1999. –Б. 350.

[2]Назаров Қ. ва бошқалар. Миллий ғоя ва раҳбар масъулияти. Ғ.Ғулом номидаги нашриёт, 2007 йил. –Б. 646.

[3]Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: Маънавият, 2008.–Б.61.

[4]Ўша манба. –Б.62.

[5]Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ва-л-Муфрад” асаридан олинди.


Киритилган вақти: 28/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2735
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/soglom-farzand-yurt-tayanchi
Чоп этилган вақт: 15/06/2021 06:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг