Соғлом бола юрт келажаги
Маълумки, ҳар бир ота-она фарзандини баркамол бўлиб вояга етишини чин дилдан хоҳлайди ва бу борада барча машаққат ва қийинчиликларни бартараф этиш учун ҳаётини бахшида этади. Фарзандларини соғлом бўлиб ўсишига, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият қаратади, уларни, келажакни кўрадиган солиҳ инсонлар бўлиб вояга етиши учун, бор куч ва ҳаракатларни сарф қилишади. Зеро, ёшлар юртнинг келажагидир. Келажак тўғрисида қайғурмаслик, келажак уммат тўғрисида ўйламаслик юртнинг келажагига бепарво бўлишликдир.
Ҳар бир жамиятнинг фуқароси шу жамиятнинг келажаги тўғрисида эътибор беришлиги, аҳамият беришлиги, бу жамиятнинг келажагини ўйлашлиги лозимдир. Бас, бу тарбияга жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси ўзининг улкан ҳиссасини қўшишлиги, бундан четда қолмасдан, бу улуғ ишда қўлларидан келганча ҳаракат қилмоқлари лозим бўлади.
Динимиз келажак ёшларимиз тўғрисида жуда катта эътибор ва аҳамият берган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таъоло ўзининг каломида “Эй имон келтирган бандалар, ўзларингизни ва аҳлларингизни оловдан сақланг” деб буюрган. (тахрим, 6)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак сўзларида, Ёшлар кўпроқ эътибор, кўпроқ аҳамиятга ҳақли эканликлари баён қилинади. Чунки, ёшлар қалбларининг ҳукмига таъсирчан бўладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Сизларга, ёшларингиз ҳақида яхшилик қилишни васият қиламан”- дедилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига бўлган васиятидир.
Соғлом бола деганда нафақат фарзандларимизнинг жисмоний соғлигига эътибор, балки уларни юксак маънавий ахлоқли бўлиб вояга етишлиги хам назарда тутилаётганини ҳис қилишлигимиз керакдир. Уларни маънавий соғлом бўлиб ўсишига, ватанни севишига, ота-онани ҳурмат қилишига, халқни кориҳолига манфаатли бўлиб ўсишига эътибор қаратилиши лозимдир.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир”, дедилар. Термизий ривояти.
Кўпчилик кишилар савоб умидида пешона териси билан топган маблағини хайри-эҳсон, садақа қилишади. Баъзида бу сарф-харажатлар фарзандлар ҳисобидан бўлиши ҳам мумкин. Яъни, уларга ишлатилиши керак бўлган маблағлар савоб умидида хайри-эҳсонга сарфланади.
Аслида эса, боланинг одобли бўлиши учун қилинган хизматнинг ўзи худди садақа қилганнинг савобига баробардир. Ота-она фарзандига одоб берар экан, уларга садақа қилганлик савоби ёзилиб туради.
Шундай экан, болаларга одоб беришда ғайратли бўлишимиз кераклигини унутмаслигимиз керак.
Агар ҳар-бир оила ўзининг боласини одобли қилиб тарбияласа, жамиятдаги барча оилалар тарбияли бўладилар. Бундай одобли оилалардан барпо бўлган жамият ҳам, одобли жамият бўлади. Бу эса жамиятни гуллаб яшнаши учун, озод ва обод ватанни пойдеворини қуришга асос бўлиб қолади.
Марҳум биринчи Президентимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида: “Ватаннинг келажаги, халкимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обру-эътибори аввалом бор фарзандларимизнинг ўниб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғликдир. Биз бундай ўткир хақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, — деб айтганлар. Дарҳақиқат, фарзандларимизни маънавий соғлом бола бўлиб вояга етишига авваломбор оилада ота-онанинг ўрни катта.
Айюб ибн Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”, дедилар. Термизий ривояти.
Ислом дини бола тарбиясига у ҳали дунёга келмасдан олдин, оила қуришга тайёргарлик кўриш пайтидан бошлаб қайғура бошлайди. Оила қурилгандан сўнг одоб ва ахлоқ муомиласига янада эътибор кучаяди. Оилада ота ва онадаги ҳар-бир хислат, у хоҳ мақталадиган бўлсин, ёки ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб қилмайдиган хақиқатдир. Бас, шундай экан фарзандлар маънавий соғлом бола бўлиб ўсиши учун ота-она ўртасида гўзал одоб бўлиши керакдир!
Киритилган вақти: 31/05/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2903
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 06:08