Яхшилик талабгори бўлинг
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб шундай деганлар: “Бутун умрингиз давомида яхшилик талабгори бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг раҳмат шабадаларига йўлиқинг! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шабадалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади” (Табароний, Байҳақий, Ибн Абдул-Барр, Абу Нуайм, Ибн Асокир ва бошқалар ривояти).
Дарҳақиқат, Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ҳамда унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.
Зотан, ҳар бир кунини, ёинки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш - улкан саодат. Айниқса яхшилик, хайр, саховат амали Рамазон ойида бўлса унинг савоби бир неча карра бўлади.
Булунғур туманида фаолият олиб бораётган имом хатиблар жамиятни соф эътиқод, маънавият, дину диёнат, эзгулик ва илму маърифатга чорлаш билан бир қаторда уларнинг ижтимоий, иқтисодий муаммоларини бартараф этишда кўмакчи бўлиб келмоқда. Муборак Рамазон ойида бу ишлар яна ҳам авжига чиққан. Имом хатиблар “Вақф” хайрия жамоат фондининг жойлардаги вакили сифатида мурувватли кишилар ҳамкорлигида тумандаги кам таъминланган, оғир турмуш шароитида яшаётган оилаларга моддий кўмак бериб келмоқдалар. Рамазон ойининг ўтган даври мобайнида жами 4 миллион 600 минг сўмлик эҳсон қилинган бўлиб, бу каби хайрли ишлар яна давом этади. Сиз ҳам яхшилик талабгори бўлинг, азиз Ватандош!
Киритилган вақти: 14/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1505
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 10:54