Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Умр сабоқлари

 
 

Кеч куз, дарахтлар майин шитирлаб япроқлари секин секин тўкилмоқда. Катта йўлда тиниб тинчимас, сер шовқин машиналар қатнови анчагина хонадаги тинчликни бузиб, фикирни ўзига тортади. Исмоил анча кундан бери тоби йўқ, туман шифохонасида даволанмоқда. Унинг хонадош ҳамроҳлари анча ёши улуғ муйсафид кишилар. Энг улуғи эса Комил ота кўп нарсани бошдан кечирган, ҳаёт сўқмоқларини, ўнқир-чўнқир жойларини кўп босиб ўтган тажрибали инсон. Ҳар-ҳар замон бир гапириб маслаҳатини айтиб қўяди. Аслам бобо бу машиналар ҳеч тинчимас эканда, деб норози оҳанда гапириб хонадаги тинчликни бузди.

“Тўғри, булар бунча қаерга шошилишади-а?” деб гапга Холмат бобо ҳам қўшилди. Шунда Комил ота бунга бир назар солиб кўринг, худди, ҳаёт сўқмоқларига ўхшайди, бизнинг ҳам бир вақтлар ҳаётимиз мана шундай серқатнов ва сершовқин эди. Мана қарабсизки ана-мана дегунча манзилга етиб келибмиз. Бу бошлар нималарни кўрмади. Бу ҳаёт ўзи бир мактаб экан, энди таълим оламиз деган бир пайтда умр охирлаб қолганини сезмай ҳам  қолар экан инсон. Сўнгра қанча афсус надомат чекамиз, ота-онамизни қадрига бормаганимизга, насиҳатларига қулоқ бермай, ўз фикримизни устун қўйганимизга, ўз билганимиздан қолмай бу ўткинчи ҳаётни бефойда ишларга, ҳавога совурганимизни эслаб ўйлаймиз, бари бефойда”, дея шеър ўқий бошлади:

                          Дунёни ташвишин билдим улғайиб,

                         Дунё ташвишлари сершовқин экан.

                        Ҳаёт сўқмоқларин кездим кексайиб,

                         Ҳаёт сўқмоқлари серқатнов экан.

                        Ҳаётни қадрини сездим қартайиб,

                        Ҳаёт лаззатлари хилма-хил экан.

                        Ҳаётни тарк этдим охир мункайиб,

                       Бу ҳаёт ўтгинчи, шуни бил экан.

         Исмоил Комил отанинг гапларини эшитиб, ўзининг ўтмиш ҳаётини мулоҳаза қила кетди.

  • Бир вақтлар ёш бола эди, ота-онаси бағрида эмин –эркин ўлғайди. Ана –мана дегунча мактабни тугатиб Тошкентдаги бообрў университетлардан бирига ўқишга кирди, ота-онаси бу хурсандчилик воқеани эшитиб беҳад шод бўлдилар. Ўзлари емасалар, киймасалар ҳам бор топган тутганларини ёлғиз зурриёти Исмоилни ўқишига сарфлади. Ўқишни тугатгач ё бахти чопдими ёки тақдир кулиб боқдими, балким яхши хулқи, иқтидори, илми туфайлими уни университетга ишга олиб қолишди.

      Исмоил билим юртида ҳам ўзини  билими, хушмуомалалиги туфайли тез обръ –эътибор топди.

Бошида ота-онаси олдига тез-тез бориб турди. Кейинчалик иши кўпайдими ёки мансаб масъулиятими, туғилиб ўсган қишлоғига камдан –кам ҳолда борадиган бўлиб қолди.

Бир кун котиба қиз Фарида келиб Исмоилни ташқарида сўраб турганини хабар қилишди. Исмоил  чиқиб қараса қишлоқдан ота-онаси кўргани келган экан. Ота –онаси билан кўришиб, сўрашгандан сўнг кинояли оҳангда “нега келдиларингиз, яқинда ўзим борар эдим” деди. Онаси “ўғлим сени соғиндик. Мана олти ойдирки на борасан на бирор хабар қиласан, хавотирландик. Энди мана ёшинг ҳам бир жойга бориб қолди, кўзимиз тириклигида  сени тўйингни кўрсак деймизда, шунга нима дейсан болам?” деди меҳрибон она. Исмоил ота-онасига, “Хўш, мени ташвишим нега сизларни ўйлантириб қўйди. Мени ўзим қачон уйланишни, ким билан бош қўшишимни ҳал қиламан. Мана кўрдинглар, мен соппа соғман, ҳозир ишларим кўп, майли, яхши боринглар. Ўзим ишларим камайса қишлоққа бораман” деб хайр манзурни ҳам насия қилиб, университетга кириб кетди.

Не-не умидлару қанча-қанча орзулар билан ташриф қилган ота-она нима қилишини, на кетишин ва на қолишин билмай анча вақт университет олдидаги ўриндиқда ўтириб қолишди. Исмоил ота-онасини қишлоқилигидан орият қилиб, анча вақт хона деразасидан кетишини пойлаб қараб турди.

Шу орада хона эшиги очилиб Исмоилга кўп сабоқ бериб, ҳозиргача маслаҳатини дариғ тутмаган Фарҳод Алимов кириб келди.

- Марҳамат  узтоз, келинг.

- Келдик, нима билан банд бўлиб турибсиз?

- Ота-онам кўргани келишган экан,

- Хўш, сиз қандай кутиб олдингиз?

- Мен яхшиман, ўзим ишларим камайса бораман, деб жавоб бериб юбордим.

Бекор қилибсиз, улар сизни соғиниб, меҳрига тўяйлик деб шунча йўл босиб келишган, мана олти ойдирки бир бориб кўрмайсиз. Умар Хайём ўз рубойиларидан бирида меҳр –шавқатни шундай талқин қилади.

Бир ғариб кўнглини эта олсанг шод,

Қиёсдир ер юзин қилганча обод,

Бир дилни ўзингга қул қила олсанг,

Афзалдир юз қулни қилгандан озод.

Аслида ҳар бир тирик жон меҳр-шафқатга муҳтождир. Меҳр ва мурувват инсоният маънавияти, руҳиятига хос фазилатлардандир. Меҳр-шафқат кишини камолат чўққисига етакловчи бир нурдирки, у билан ҳар қандай зулмат оғушидан адашмайди, тўғри йўлни топа олиши мумкин бўлади. Ота-она ҳам ғанимат, деб тўртлик ўқий бошлади.

              Кўзларим турт бўлиб кутганда болам келмади,

              Меҳрига зор бўлиб кутдим буни билмади,

              Меҳрига тўяй деб йўл олдим ўзим,

              Меҳрига шод бўлиб, қувнади кўзим.

Меҳрибон ота-она ўғлини бир бора кўрганига ҳам ўзидан йўқ шод бўлиб қишлоғи томон йўл олди. Исмоил анча вақтдан сўнг  қишлоғига борди. Борганда отаси анча оғирлашиб қолган эди. Шунда ҳам ўғлига насиҳат қила бошлади: “Ўғлим, Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки ниятларимга эришдим. Сенга бу гапларни айтишга ҳожат ҳам йўқ. Лекин айтишга мажбурман: доимо касбингга садоқатли бўл, ҳеч қачон ёлғон сўйлама, тўғри бўл, ҳасад қилма, ҳасд инсонни емиради,  ёмон инсонларга ёндошма, чунки ёмон одамнинг яхши ишида ҳам хатар бўлади. Ҳамиша мана бу байтга амал қил,

         Ёмон билан юрма, бўл йироқ,

         Йўлингга дон сочиб, қўяди тўзоқ.

         Ёйни эгри кўриб, тўғрилигидан,

         Ўқ ундан қанчалик қочганига боқ.

Ўғлим, сен ўқдан ибрат ол. Ҳамиша тўғри бўл, чунки тўғрининг йўли очиқ, эгрининг йўли йўқ, деган мақол бор. Доимо шунга амал қил”, деб  ёлғиз зурриётини дуо қила бошлади.

      Тун яримидан оғиб, атрофга сукунат чўмган. Исмоил ва онаси Карим отанинг ёнида бедор. Карим ота бир  чуқур нафас олди ва бу дунё билан хайрлашди. Шу кеча Исмоил ота-онасига кинояли гапирганлари, кўп ҳам ҳузурларига келмаганларини эслаб анча ўз-ўзидан пушаймон бўлди.

     Карим отани пешин намозидан сўнг жанозасини ўқишди. Карим ота ва Ҳамида момо қишлоқда ўзига яраша обрўманд кимсалар эканми жанозасига тумонат одам йиғилди. Тобут кўтар-кўтар бўлиб кетди.

         Қабристонда Карим отани дафн қилинаётганда Исмоил раҳматли отасининг сўзларини эслади ва қабирстондаги қабрларга қараб, бу дунё ўткинчи экани, куни келиб бу дунё ундан ҳам қолишини, ота-онанинг қадрига етиш, бу дунёда ота-онадан азизу мукаррам кимса йўқлигини ҳис этди.

     Исмоил шундай ўйлар домида экан, ота-онаси Исмоилни кўришга боргандаги муомаласи бошида айлана бошлади. Карим ота “Сени соғиндик, бир бормайсан ҳам ўғлим, сени бошингни иккита қилиш керак” деган сўзлари қулоқларидан кетмасди.

     “Энг яхши даво – вақт” деганлари рост экан. Вақт ўтиб яқинларини йўқотиб қўйиш аламини тортиб кўрган Исмоил энди онасини йўқотиб, сўнг афсусланишдан қўрқиб, бор меҳрини онаизор хизматига сарфлади.

   У энди она кўзидаги нурни кўраётган эди. Чунки, Исмоил онасининг таклифи билан оила қурди. Иккита  бир биридан ширин фарзандлари бор. Турмуш уртоғи ҳам олий маълумотли ўқутувчи, бу бахтли оила эди.

Ғолиб РАСУЛОВ – Тайлоқ тумани “Сада Қайроғоч” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 14/11/2019 14:31;   Кўрилганлиги: 1582
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/umr-saboqlari
Чоп этилган вақт: 11/02/2025 13:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг