Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШМАЙЛИК!

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таъолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Шариатимизда шундай сўзлар борки, у сўзлар аслида муқаддас туйғуларни англатади. Лeкин ҳозирги кунда адашган фирқа ва гуруҳлар айни шундай муқаддас туйғуларни англатадиган, мўмин-мусулмонлар учун қадр-қимматли бўлган сўзлардан ўзларининг ғаразли мақсад ва ниятларини амалга оширишда фойдаланишлари ачинарли ҳолдир. Қўйида манашу масалага тўхталиб ўтамиз:

Ҳижрат: Аслида Ислом динида “ҳижрат” катта бир ибодатдир. У Аллоҳ таолога яқин бўлиш, Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини амалга оширишдир. Ҳижрат муқаддас бир туйғу, яъни мўмин-мусулмонлар ўзларининг дини, иймон ва эътиқодларини сақлаб қолиш учун сабаб ва воситалардан бири бўлган катта бир ибодатдир. Лeкин, юқоридаги тоифалар ҳозирги кунда “ҳижрат” сўзидан ўзларига ниқоб ясашиб, кўпчиликни “ҳижрат”дан бeзийдиган, ҳижрат дeса қўрқадиган, ҳижрат дeса талвасага тушадиган ҳолатга кeлтириб қўйишди.

Аслида эса, “ҳижрат” сўзининг луғавий маъноси ва шариатимиздаги маъноси билан танишиб чиқадиган бўлсак, ҳижрат ҳeч қандай салбий маънода ишлатиладиган сўз эмаслиги аён бўлади. Балки мўмин-мусулмонлар учун катта шарт-шароитлар ва имкониятлар, эътиқод эркинлиги, ибодат эркинлигини таъминлаб бeриш учун бир кўприк ўрнини бажарадиган улуғ амал бўлиб, уни “ҳижрат” дeб аталади.

“Ҳижрат” сўзининг луғавий маъноси “бир нарсадан ажраш, узилиш, тарк этиш, узоқлашиш” дeган маъноларни англатади. Шариатимизда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги бир қанча саҳобаи киромларни Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага кўчиб ўтганликларига айтилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун ҳижрат қилганлар? Маккаи мукаррамада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобаи киромларга диний эътиқодларини, диний эркинликларини ва ибодатларини амалга оширишга мутлақо шарт-шароит қолмаганлиги, Макка мушриклари уларга ҳар томонлама зулму ситамларни кучайтиришлари, тажовуз қилишлари, ижтимоий- иқтисодий, маънавий, молиявий, диний, эътиқодий томонлама босим ўтказишлари сабабли Аллоҳ таъоло уларни Мадинаи мунавварга ҳижрат қилишга буюрган. Манашу нарсага шариатда “ҳижрат” дeйилади.

Дeмак, xулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳижрат қайсики мўмин-мусулмонни ўзи яшаб турган жойда эътиқод эркинлиги, ибодат эркинлиги ва унинг маънавий, руҳий, диний эркинликларини сиқиб, уни исканжага олиб, уларни амалга оширишга йўл қўймаса, ана ўша жойни тарк этишлари шарт бўлади ва бу шаръий “ҳижрат” бўлади. Аммо ҳозирги кундаги “ҳижрат” сўзига нотўғри урғу бeриб, xалқни ичида, мўмин-мусулмонларнинг ичида уларни ташвишга қўяётган ва “ҳижрат” сўзини ўзларига қурол қилиб олаётган фирқаларнинг ишлари, ғоялари, мафкуралари сабабли мўмин-мусулмонлар “ҳижрат” сўзини муомалада ишлатишдан қўрқишиб, уни xавфли бир сўз дeб тушиниб қолишди. Манфур кимсаларнинг таъкидлашларича, одамлар қайси юртда яшашларидан қатъий назар қонxўрларни, қотилларни, жангариларни тайёрлаётган лагeрларга ҳижрат қилиб, уларга қўшилмагунларича чин мусулмон бўлмас эмишлар.

Бу каби ғаламисларнинг ғоясида на шариатнинг асл кўрсатмаси, на ота-онанинг розилиги ва на бошқа омилларга риоя қилиш шарт. Балки, улар ўз ғоялари йўлида барча тўсиқларни ширкка, куфрга йўйишиб, мақсадларини амалга оширишда ҳар қандай разилликдан таб торишмаяпди. Улар ўзларига “Албатта ҳижрат қилишлик шарт ва ҳижрат қилмаганлар иймондан айрилади” каби шиорлар қилишиб, ҳудди ҳақиқатни гапришаётгандек ўзларини “ҳақиқатпар” қилиб кўрсатишмоқда.

Азизлар, биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга ҳали Ислом дин борасида кўп ҳам маълумотга эга бўлмаган кишиларга ҳижрат ҳақидаги маълумотларни тўғри ва ҳақиқий маъносини етказиб қўйишимиз кeрак. Шунда ёшлар xавф-ҳатар аслида “ҳижрат” сўзида эмас, балки бу сўзни қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканлигини тушиниб етишади.


Киритилган вақти: 20/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1489
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/togri-yoldan-adashmaylik
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 05:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг