ТИНЧЛИКНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК
Ислом дини тинчлик ва раҳмат динидир. Илоҳий дастур – Қурьони карим тонгга қадар тинчлик ҳукм сурган кечада нозил бўлди. У тинчликка чақиради, кизиқтиради ва тарғиб қилади. Уруш, ўзаро низо ва фирқаланишни қоралайди. "Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллохга таваккул қилинг! Албатта, У Эшитувчи ва Билгувчидир" (Анфол, 68).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким уйида хотиржам тонг орттирса, тани соғ ҳамда ҳузурида бир кунлик овқати бўлса, гўё унга дунё (бойлиги) берилибди" ( Имом Термизий), дея бу дунёда тинчлик ва тансиҳатлик улуғ неъмат эканлигини таъкидлаганлар.
У зот (алайҳиссалом) одамларни тинчликка чақирадилар. Ҳудайбияда мушриклар бир неча шартлар эвазига сулҳ таклиф қилганида тинчлик ва муроса учун рози бўлдилар .
Расули Акрам алайҳиссалом бундай дедилар: "Бир бирингизга ҳасад қилманг, нархни ошириш учун ёлғондан савдо қилманг, бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир бирингиздан юз ўгирманг. Бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳ таолонинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг оға инисидир. Унга зулм килмайди, уни ҳақоратламайди ва унга ҳурматсизлик билан муомалада бўлмайди. Тақво бу ердадир (уч маротаба кўкракларига ишора килдилар). Ҳар бир мусулмонга бошқа бир мусулмоннинг қони, моли ва шаьни ҳаромдир" ( Имом Муслим ривояти).
Ислом аҳлининг шиори тинчлик. Ҳатто ўзаро саломлашувлари ҳам бир бирларига тинчлик тилашни ифодалайди. Улар бу билан гўё дунё аҳлини ҳар жиҳатдан тинчлик билан ўраб оладилар.
Ислом каби тинчликни амалий тадбир, шариатнинг шиори, рукнларидан бир рукн дея эътибор қилган бошқа дин, эътиқод дунёда йўқ. Биргина ҳаж амалини мисол қилсак. Эҳромга кирган ҳар бир мусулмонга ўша лаҳзаларда тирноқ олиш, соч кесиш, ўсимлик юлиш, дарахт кесиш, ҳайвон ўлдириш, ов қилиш, бирон бир кишига тили ва қўли билан озор бериш таъқиқланади. Мусулмоннинг эҳром боғлаши нафақат ўзига, балки ўзга инсон, ҳайвон ва ўсимликлар учун ҳам омонликни англатади.
Ислом Парвардигорга бўйсинган, Пайғамбарига итоат этган, дастурига оғишмай амал қилган ҳар бир мусулмонни жаннат - Тинчлик ва омонлик диёрига мушарраф этади. Жаннатнинг хушбўй ҳиди энг олис масофадан ҳам келиб туради. У ерда ташвиш, ҳасад, касаллик, хавотир, хавф, уруш каби нарсалар бўлмайди. Жаннат аҳли бир бирига ўзаро тинчлик тилаб саломлашади:
“Ва иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритилурлар. Унда Роббилари изни ила абадий қолурлар. Уларнинг ундаги сўрашишлари “Салом”дир. (Иброҳим 23).
Хар бир мусулмон бугунги дориломон кунларга шукур қилиши, тинчлигимизнинг қадрига етиб, уни таъминлаш йулида барчамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозимдир.
Толиб МАМАТҚУЛОВ - Булунғур туман “Килдон” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 22/10/2019 18:00; Кўрилганлиги: 1801
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 02:47