Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Табиатни асрашлик бизнинг бурчимиз!

 
 

Биз ҳар доим табиат сўзига она иборасини қушиб айтамиз. Чунки бола она бағрида эркин ўсиб улғайгани каби инсоният ҳаёти ҳам теварак атрофимизни ўраб турган мана шу борлиқ, табиат қуйнида кечади. Шу боис табиатга онага каби эъзозли муносабатда бўлиш талаб этилади. Аллоҳ таоло уст бошимиз, озиқ- овқатимиз учун керак бўладиган барча неъматларни табиат бағрига жойлаган.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

У ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди. Бас, у (сув) билан турли ўсимликлар навларини ундириб чиқардик (Тоҳа, 53).

Ернинг усти ҳам, ости ҳам бизга берилган. Тирикликда ер устида бўлсак, вафот этганимиздан кейин унинг бағрига сингамиз. Шундай экан, она ерни обод қилиб яшаб турган жойларимизни пок тутсак, ўзимиз ва барча инсонлар учун қайғурган бўламиз.

Аллоҳ таоло бизга ато этган улуғ неъматлардан бири сувдир. Ер юзи табиати учун оқар сувлар гўё инсон танасидаги қон каби муҳимдир.

Олимлар таъкидлашича, жисмнинг асосий қисмини, яъни, етмиш икки фоизини сув ташкил этар экан. Аммо бугун тоза оқар сувларнинг қадрига етаяпмизми? Илгарилари ариқлардан бемалол сув ичар эдик. Энди бунинг иложи йўқ. Чунки уларга ҳар хил чиқиндилар ташланади. Баъзан ариқларда елим идишлар, меваю қовун тарвуз пўчоқларини кўриб ҳайрон қоласиз.

Теварак атрофдаги дов дарахтларни олинг. Аллоҳ таоло нафас олишимизни унга боғлиқ қилди. Дарахтлар бизга ҳавони тозалаб беради. Бугун қанча дарахт экаяпмизу қанчасини кесаяпмиз?,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким дарахт экса ва уни авайлаб асраса, мева бергунича парваришласа, мевасидан одамларга етган ҳар бир фойда учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида унга ажр савоблар бўлади, деб марҳамат қилганлар.

Демак, эккан дарахтингиз мевасидан, соя салқинидан одам боласи ёки қушлар фойдаланадими, савоби сизга ёзилаверади.

Динимиз дарахтларни парвариш қилмай, қуритиш ёки сабабсиз кесишдан қайтарган. Ислом динида табиатни асраш вожиб амаллардан саналади буни ҳар бир мусулмон яхши билмоғи керак.

Шу ўринда айтиш жоиз, агар баҳорда ҳар биримиз ҳовлимизга, кўчаларимизга уч тубдан ниҳол эксак, бу ишимиз билан табиатдаги мувозанатни сақлашга ва юртимизни обод этишга ҳисса қўшган бўлар эдик.

Бу дунёда яшаётган барча инсонлар худди бир кемага чиққан йўловчилар каби. Агар кеманинг бир жойи дарз кетса, барчага зарари тегади. Хуллас, ҳаётимизга керакли она табиатни асрашга барчамиз масъулмиз.


Киритилган вақти: 06/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1668
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/tabiatni-asrashlik-bizning-burchimiz
Чоп этилган вақт: 22/01/2025 16:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг